2023 йилнинг ўтган 7 ойида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 21 871 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова маълум қилинди.

Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 18 526 таси ёки 84,7 фоизи оилаларда содир этилган.

Қайд этилишича, ҳимоя ордери бериш натижасида 9 362 та оилани тиклашга, 11 350 та оилада низоларни бартараф этишга эришилган. Расмийлаштирилган 5 495 та ҳимоя ордерлари бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йилда зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун «ҳимоя ордери» институти жорий этилган. «Газета.uz» 25 ноябрь — «Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни» муносабати билан «ҳимоя ордери» ҳақида қўлланма материал эълон қилган. Унда ордерни қаердан ва қандай олиш, жабрланувчи қай тартибда ҳимоя қилиниши ва зўравонга кўриладиган чоралар ҳақида билиб олиш мумкин.