СамДУ Каттақўрғон филиалида плита қулашидан 6 нафар талаба қиз жароҳатлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш очилган.

4 сентябрь куни филиалдаги зал шифт қисмига ўрнатилган темир бетон плитаси қулаб тушган. Бинонинг қурилиши ҳамда мукаммал таъмирланиши ҳолати мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилмоқда.

Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг Каттақўрғон шаҳри Амир Темур кўчаси 27-уйда жойлашган ўқув биноси собиқ Самарқанд давлат институти академик лицейи биноси учун қурилган бўлиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.

2008−2018 йилларда СамДЧТИ қошидаги академик лицей сифатида, 2019−2021 йиллар давомида Каттақўрғон шаҳри 7-мактаби фаолият олиб борган.