«Газета.uz» мухбири Санжар Саид 2016 йили Хоразмга велосаёҳат уюштирган эди. Энди эса у Сурхондарё томон велосипедда йўлга чиқди. Етти йил аввалги сафарда чўл ҳудудлар нисбатан кўпроқ бўлган эди, бу сафар эса асосан тоғ йўллари орқали мамлакат жанубига етиб бориш мақсад қилинган.

Санжар Саид 2023 йилги велосаёҳати ҳақидаги биринчи мақоласида тайёргарлик босқичи, қийинчиликлар, сарф-харажатлар, саёҳатнинг фойдали жиҳатлари ҳақида тўхталган, йўлдаги дастлабки таассуротлари билан ўртоқлашган ва шундай саёҳатга чиқиш ниятида юрганларга тавсиялар берган.

«Велосаёҳат велосипед сотиб олишдан бошланади»

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Буюк ёзувчи Лев Толстой: «Барча муҳташам ҳикоялар икки кўринишда бошланади. Ё бир одам сафарга отланади ёки шаҳарга бегона одам кириб келади», — деб ёзган эди. Менинг велоҳикоям эса велосипед сотиб олишимдан бошланди. Чунки катта велосаёҳатларга тайёргарлик яхши велосипед сотиб олишдан бошланади.

2016 йил Хоразмга уюштирган велосаёҳатимдан фарқли равишда бу сафар ноодатий маршрут танладим: текис ва пастликлардан иборат йўлдан эмас, балки асосан тепалик ва тоғ йўлларидан ўтувчи Тошкент-Бўка-Хўжанд-Бекобод-Зомин-Бахмал-Ургут-Ғузор-Деҳқонобод-Бойсун-Жарқўрғон-Термиз йўналишида юришга қарор қилдим. Бунинг учун эса тоғли йўлларга бардошли ва айни вақтда енгил, қийин вазиятларда панд бермайдиган велосипед зарур. Нархи ҳам жуда юқори бўлмаса — айни муддао.

Саёҳатга чиқишдан бир ҳафта аввал ҳам икки ғилдиракли ҳамроҳимни танлаб улгурмаган ва бу мени ташвишга сола бошлаган эди. Шу орада Марғилонда бўлдим, у ерда Европадан келтирилган велосипедлар сотиладиган жой ҳақида айтиб қолишди. Дарҳол ўша ерга бордим, сотувчи Абсумат акадан бўлажак саёҳатим учун мос велосипед тавсия қилишини сўрадим. У киши менга Европада эмас, Тайванда ишлаб чиқарилган, аммо пишиқ, енгил (алюмин рамали, оғирлиги 8−9 кг атрофида), ҳайдашга қулай велосипедни тавсия қилди.

Велосипедни ҳайдаб кўрдим — ҳақиқатан ҳам юриши тез, мойда ишлайдиган тормозлари яхши. Бошқалари билан солиштиргач, иккиланмай шу велосипедни танладим. Нархи — 4,1 млн сўм ($340).

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Саёҳат учун қандай велосипед танлаган маъқул деб сўраганларга, бу моддий имкониятингизга боғлиқ, деб жавоб берган бўлар эдим. Аввалги саёҳатимга энг арзон (100 долларлик), оғир, багажсиз велосипедда чиққандим. Тоғли ҳудудлар учун балонлари қалин, дюйми кичикроқ (26) велосипед танлаган маъқул. Сафар шоссе ва магистраллар бўйлаб уюштирилса, ингичка балонли, дюйми каттароқ (28) велосипедлар қўл келади. Рул ва эгар масаласида, агар имкон бўлса, рули «капалак» бўлгани маъқул (қўл ёки елка оғриб кетганида таяниб олиш мумкин), эгар эса бошловчилар учун юмшоқроқ, тана тузилишига мос бўлгани мақсадга мувофиқ.

Велосипедда нималар бўлиши керак?

Биргина велосипеднинг ўзи билан саёҳатга чиқиб бўлмайди, албатта. Унга Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган талаблардан келиб чиқиб, чироқ, олдига оқ, орқасига қизил, ғилдиракларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргичлар, сигнал ўрнатилиши шарт. Қоронғида ҳайдашга тўғри келиб қолишини ҳисобга олиб, нур қайтарувчи махсус нимча ёки нур қайтарадиган элементлари бор устки кийим ҳам бўлиши керак.

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Велосипедни саёҳатга тайёрлашда унга багаж, телефонтутқич, тезлик ва масофани кўрсатиб турувчи жиҳоз ҳам ўрнатиш керак. Багажга кийим-кечак ва зарур нарсаларни солиш учун хуржунли сумка ўрнатилса, пул, калит ва бошқа кўп ишлатиладиган буюмлар учун рамага илинадиган кичик сумкача ҳам олган маъқул — узоқ сафарларда бундай нарсаларни чўнтакда олиб юриш ноқулайлик туғдириши мумкин.

Велосаёҳатга нималарни олиш керак?

Узоқ саёҳатга чиққан киши иложи борича энг зарур нарсаларни керакли миқдордагина олиши керак. Масалан, кийим-кечакни олайлик. Шахсий тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, саёҳатга икки сидра — бир жуфти велосипедни ҳайдаётганда, иккинчиси эса захира — ихчам ва қулай кийим, битта енгил устки кийим (фаслга қараб фарқ қилиши мумкин), битта бош кийим (кепка), икки-учта ички кийим ва уч-тўрт пайпоқ етарли. Қолгани ортиқча юк ҳам кийишга фурсат бўлмайди.

Озиқ-овқат. Писта-бодом, туршак-майиз, конфет, колбаса, қази, консервалар, қуритилган нон… Буларнинг ҳеч бири керак эмас, камида Ўзбекистон шароитида — йўлда егулик ҳамма нарсани топса бўлади.

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Вақт ва масофа тўғри чамаланса, кейинги манзилгача овқатланишга, йўл ўртасида бирор нарса тамадди қилиб олишга ҳожат бўлмайди. Рулда кавшаниб кетиш эса мутлақ нотўғри: салгина чалғиш оқибатида рул бурилиб кетиб, йиқилиш ва жароҳат олиш ҳеч гапмас.

Велосаёҳатда одамни очликдан кўра кўпроқ чанқоқ қийнайди. Шунинг учун сув масаласида олдинда аҳоли пунктлари, савдо шохобчалари бор-йўқлигини ҳисобга олиб тадорик кўриш керак. Аммо асло ва асло газли ичимликлар, шарбатлар, энергетиклар ича кўрманг. Муздай сув ичишдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Дори-дармон. Мен ўзим билан ҳар эҳтимолга қарши ич бузилиши, оғриқ ва аллергияга қарши дорилар ҳамда пластирь олдим. Йод ҳам олгандим, тўкилиб, ҳамма жойни расво қилди. Спирт ҳам бор. Менимча, шуларнинг ўзи етарли.

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Чодир. Тоғ йўлида юришнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Кўзлаган манзилга ета олмай қолганда, йўл четида, панароқда чодир қуриб, тунаб қолиш мумкин. Чодир билан биргаликда ётоққоп ҳамда тўшак ўрнида махсус матрас (шишириладиган) ёки оддийгина синтефон ҳам олиш мумкин. Илиб ёки тақиб қўйиладиган алоҳида чироқ (чодирга илиб қўйса ҳам бўлади), пауэрбанк, қувватлагичлар ҳам ёддан чиқмасин.

Шунингдек, универсал пичоқча, балон учун захира камера, камера ямаш учун жамланма (елим ва резинадан иборат), турли калитлар (15 мм, олти бурчакли ва ҳоказо), қулф-калит (занжирли бўлгани маъқул), шахсий гигиена воситалари (ювиниш ва кир ювишга битта атирсовун, тиш чўткаси ва пастаси, нам ва қуруқ салфеткалар), сочиқ бўлиши керак.

Чодир бўлгач овқат тайёрлаш учун қозонча ҳам керак. У имкон қадар енгил ва ихчам бўлсин. Мен саёҳатга мўлжалланган, бир-бирининг ичига солинадиган това, қозонча ва чойнакчадан иборат жамланма сотиб олганман. Чўмич ўрнида ҳам ишлатиш мумкин бўлган қошиқча ортиқчалик қилмаса керак.

Харажатлар

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Велосаёҳатга тайёргарлик кўриш ва сафар давомида қанча харажат бўлиши ҳаммага қизиқ бўлса керак. Бу борада аниқ бир рақамни келтириш қийин: ҳаммаси моддий имкониятга боғлиқ. Максимал тежамкор режимда велосипед ва аксессуарлари, зарур буюмларга 1,5−2 млн ҳам сўм сарфлаш мумкин. Агар велосипед бўлса ёки уни кимдандир олиб туриш имконияти бўлса, минимал тайёргарлик учун 200−300 минг сўм ҳам етади.

Ўртача ҳолатда эса 6 млн сўм (3−4 млн сўм велосипедга, қолгани зарур нарсаларга) билан йўлга чиқишга шай ҳолга келиш мумкин. Саёҳат давомида эса ошхоналарда овқатланиб, меҳмонхоналарда қолинадиган бўлса, бир кунга ўртача 200−300 минг сўм харажат қилиш мумкин. Чодирда қолиб, ўзингиз овқат қилсангиз, бу харажатлар ўн бараваргача қисқаради. Овқат масаллиқларини энг яқин аҳоли пунктидан сотиб оласиз.

Ўз тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, кўпинча овқатланиш ва тунаб қолишга пул сарфламайман: таниш-билишлар, дўсту қариндошларимнинг уйларига бораман, йўлда велосаёҳатга чиққанимни кўрган маҳаллий аҳоли уйларида меҳмон бўлишни таклиф қилади. Самимиятига қараб, таклифларини қабул қилиб кетавераман.

Бундан ташқари, бирор шаҳар ёки аҳоли манзилига етиб бормасдан аввал ижтимоий тармоқларда ўша ҳудуд аҳолиси учун очилган гуруҳлар ёки бошқа оммавий гуруҳлар (махсус краудфандинг платформалари ҳам мавжуд, бу айниқса, хорижий давлатларда фойда беради) сафарим ҳақида эълон бериб, ўша жойнинг диққатга сазовор жойлари, машҳур таомлари, арзонроққа тунаб қолиш мумкин бўлган жойлари ҳақида сўрайман.

Ишончим комилки, улар орасида саёҳатчиликка қизиқадиган, биз билан суҳбатлашишга ва ўзининг беминнат ёрдамини кўрсатишга тайёр одамлар топилади. Бундан ташқари, йўл четидаги ошхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам бепул тунаб қолишга рухсат бериши мумкин.

Бир кунда қанча масофани босиб ўтиш мумкин?

Велосипедда бир соатда ва бир кунда қанча масофани босиб ўтиш мумкин? Аввал шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтаман: бир соатда ўртача 18−20 км, бир кунда эса 40 дан 160 км гача масофани босиб ўтса бўлади. Бу тайёргарлик, аввалдан тузилган режа, йўл сифати, баланд-пастлиги, шериклар бўлса, уларнинг ҳолати, велосипеднинг созлиги ва бошқаларга боғлиқ.

Ўзим энг кўп 170 км юрганман (Тошкентдан Чорвоққа бориб-келиш). Бухоро-Хоразм йўлида 135 км юрганман. Энг қисқаси эса Гулистондан Оқолтингача 40 километрча масофа бўлган.

Агар мақсад оралиқ масофани тезроқ босиб ўтиш бўлса, кунига 200 км масофани ҳам босиб ўтиш мумкин: бу жисмоний тайёргарлик ва йўлга боғлиқ. Аммо профессионал спортчи ёки жуда узоқ масофалар (Европа, Хитой, Россия)га йўлга чиққан профессионал саёҳатчи бўлмасангиз, ўзингизни уринтирмай автомобиль ёки бошқа транспортда ҳам бориб қўйса бўлади.

Велосаёҳатдан нима фойда?

Менга кўпчилик шу саволни беради. «Ҳеч қандай фойда йўқ, бу ҳам бир носни кайфидай кайф», дея ҳазиллашадиган бўлдим бу йилдан. Жиддий айтадиган бўлсам, велосаёҳатнинг фойдаларини санаб адо этиш қийин. Аввало, саломатликка, кайфиятга, ўзига бўлган ишончга, дунёқараш, тафаккурнинг ўсишига, таниш-билиш, алоқаларнинг кенгайишига жуда катта ижобий фойдаси бор.

Узоқ масофаларга сафар қиларкансиз, фикрни бир жойга жамлаш, ҳаётни сарҳисоб қилиш, ўтмишдаги хатолардан хулосалар чиқариш, келажак режаларини тузиш мумкин. Яъни, катта ўзгаришлар олдидан яхши тайёргарлик сифатида қабул қилса ҳам бўлади.

Велосаёҳат, бу — иродани чиниқтириш, ҳаёт қийинчиликлари олдида таслим бўлмаслик, қўрқмаслик, мураккаб вазиятлардан чиқиш кўникмаларини шакллантириш, мустақил яшаш, ҳақиқий озодлик ва эркинликни ҳис қилиш демакдир! Велосаёҳат, бу чарчаб ухлаш, чанқаб сув ичиш, оч қолиб овқатланиш дегани!

Ҳа, қийинчликлари ҳам бор. Дастлабки кунларда танангиздаги оғриқлар сизни орқага — тинчгина, сокин ва қулай ҳаётга қайтишга чақираверади. Озроқ сабр қилиб, ўзингизда куч ва матонатни топа олсангиз, тана барчасига кўникади, пишади ва кейин янада оғирроқ, янада қийинроқ вазифаларни зиммага олишдан қочмайди.

Тепалик томон қийналиб педаль айлантирган сари шижоатингиз жўшади. Олисдан ошиб бўлмасдек кўринган тоғлар вақт ўтиб оёқларингиз остида қолади. Қаршингизда оғир ва ечиб бўлмас ҳаёт ташвишлари тоғи тургандек бўладию, сабр ва матонат билан уларни бирма-бир енгасиз. Шундан сўнг ҳар қандай қийинчилик олдида ишонч билан: «Ҳа, мен уддалайман!», дея оласиз. Чунки уддалай олишингизни аллақачон ўзингизга ҳам, атрофингиздагиларга ҳам исботлаб бўлгансиз!

Биринчи кун

Аслида юқоридаги «мотивацион нутқ»дан кейин биринчи ҳикояга якун ясаса ҳам бўларди. Аммо мен аллақачон саёҳатга чиқиб бўлганман ва илк таассуротларимни ёзиб қўймасам бўлмас. Чунки кейинги мақолалар ҳам қизиқарли саргузаштларга бой бўлади, уларни йўлга чиққаним ҳақидаги зерикарли монолог билан бошламаганим маъқул, деб ўйладим…

Режага кўра тонг саҳарда Тошкентдан Бўкага қараб йўлга чиқишимиз керак эди (дарвоқе, аввалги велосаёҳатимдан фарқли ўлароқ бу сафар менга ёш дўстим Муҳаммад Зафар ҳамроҳлик қиляпти). Аммо ёмғир режаларимизга бир оз ўзгартишлар киритди ва, шу тариқа, саёҳатимиз соат 14:30 да Қўйлиқ яқинидан бошланди. Бироз ёмғир ёғиб турганига қарамай, ҳаво жуда ажойиб, саёҳатбоп бўлди.

велосаёҳат, санжар саид, велосипедчи, велосипед

Қўйлиққача 25, у ердан Бўкагача 50 км масофани босиб ўтиб, биринчи манзилга етиб келдик. Йўлда деярли қийналмадик. Йўл текис ва равон, баланд-пастликлар деярли йўқ эди. Орада «Тошкент денгизи» соҳилида тўхтаб, расмга тушдик, бироз ҳордиқ чиқардик. Қуёш ботар-ботмас шаҳарга кириб, қадрдон дўстларимиздан бирининг хонадонида меҳмон бўлдик.

Тонг отгач, Шоҳрухия қалъаси харобаларини излаб йўлга чиқдик. Мўғул босқинидан сўнг ҳувиллаб қолган ушбу қалъа фақат соҳибқирон Амир Темур даврида қайта тикланган ва шу боис буюк саркарданинг кенжа ўғли Шоҳрух номи билан аталган эди. Шоҳруҳияга саёҳатимиз — алоҳида мавзу…

Саёҳат тафсилотлари — келгуси мақолада