Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали биносининг фаоллар зали томидан плита тушиб кетди. Бу ҳақда университет ахборот хизмати хабар қилди.

Воқеа 2023 йил 4 сентябрь куни соат 9:28 да содир бўлган. Плита талабалар ва ўқитувчи бўлмаган жойга тушиб кетган. Қайд этилишича, плита бўлакларининг тегиши сабаб 2 нафар 1-курс талабаси енгил тан жароҳати олган.

«Ушбу талабалар Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ушбу талабаларнинг умумий аҳволи яхши эканлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Kun.uz эса 3 нафар талаба қиз жароҳатланганини маълум қилди.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га хабар қилишича, ҳолат бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга кадар текшириш ҳаракатлари бошланган.

«Дастлабки олинган маълумотларга кура, 2 нафар фуқаро тан жароҳати олган. Ҳозирда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Текшириш натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилинади», — дейилади прокуратура хабарида.

Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг Каттақўрғон шаҳар Амир Темур кўчаси 27-уйда жойлашган ўқув биноси собиқ Самарқанд давлат институти академик лицейи биноси учун қурилган бўлиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.

2008−2018 йилларда СамДЧТИ қошидаги академик лицей сифатида, 2019−2021 йиллар давомида Каттақўрғон шаҳар 7-мактаби фаолият олиб борган.