Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрининг Бўстонсарой ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги автомобиль-трамвай туннели деворларидан сув сизиб чиқаётгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон темир йўллари АЖ изоҳ берди.

Мазкур мажмуа қурилиши учун давлат бюджетидан 143 млрд сўм сарфланган бўлиб, 31 декабрь куни фойдаланишга топширилганди. Лойиҳа Ўзбекистон темир йўллари «Кўприкқурилиш» трести УК томонидан амалга оширилган.

Изоҳда таъкидланишича, мазкур йўл ўтказгич қурилишида лойиҳага кўра асосий қурилиш-монтаж ишлари якунланган. «Самарқанд шаҳри аҳолисига янги йил байрам тадбирлари даврида тирбандликни олдини олиш ва транспорт воситалари ҳаракатланишига қулайлик яратиш мақсадида йўллар очиб берилган бўлиб, ободонлаштириш ва сув қочириш, ирригация тармоқларида ҳали қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

«Тeннель қисмининг деворларидан сув ўтиш ҳолати ҳали қурилиш ишлари давом эттирилаётган сув қочириш-ирригация тизимидаги лотокларга ҳар хил турдаги тиқилишлар оқибатида юзага келган», — дейилади изоҳда.

Ўзбекистон темир йўлларининг ишонтиришича, «туннель деворларига ўрнатилган плиталар „қуруқ монтаж“ усулида ишланган бўлиб, уларнинг орасидан сув ўтиши йўл ўтказгичнинг конструктив элементлари мустаҳкамлигига салбий таъсир этмайди».

Лойиҳа ечимига кўра ушбу транспорт ечими қурилиши доирасида ёмғир сувларини қочириш учун насослар ўрнатилиши ва оралиқ қурилмалар туташиш жойида асфальт қопламасини кесиб, деформацион чоклар ўрнатилиши кўзда тутилган.

Яқин кунларда ушбу ишлар тўлиқ якунланиб, юзага келган нохуш ҳолатлар бартараф этилиши қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур туннель қурилиши 2022 йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидан олдин шаҳар кўчаларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар доирасида амалга оширилганди.