Ҳиндистон 2 сентябрь куни Aditya-L1 автомат қуёш зондини муваффақиятли учирди, дея хабар қилди Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO).

PSLV C57 (Polar Satellite Launch Vehicle) ташувчи ракетаси Бенгал кўрфазидаги Шрихарикота оролидаги миллий космодромдан учирилди.

«Қурилма сунъий йўлдошни мўлжалланган орбитага аниқ олиб чиқди. Ҳиндистоннинг биринчи қуёш расадхонаси Қуёш-Ер тизимининг L1 нуқтасига (Лагранжа нуқтаси) саёҳатини бошлади.

L1 Ердан тахминан 1,5 млн км узоқликда турибди. Станция Ер орбитасида 16 кун қолади ва шундан сўнг у L1 атрофида ўз манзилига яна 110 кун ҳаракат қилади. Ушбу жойлашув расадхонага Қуёшни тутилишлар таъсирига учрамасдан, узлуксиз ва тўсиқсиз кузатиш имконини беради.

ҳиндистон, қуёш, aditya-l1

Фото: Aditya-L1 жойлашув нуқтаси. ISRO

Aditya-L1 фотосфера, хромосфера ва Қуёшнинг энг ташқи қатламларини электромагнит майдон, заррачалар ва магнит майдон детекторлари ёрдамида кузатиш учун жами еттита фойдали юкни (асбобларни) олиб юради.

Миссия олимларга қуёш тожининг исиши, тож массасининг чиқиши, чақнашдан олдинги фаоллик ва унинг хусусиятларини, космик об-ҳаво динамикаси ва бошқаларни тушунишга имкон берадиган маълумотларни тўплаши кутилмоқда.

Бу Ҳиндистоннинг ISRO жорий йилда бошлаган иккинчи космик миссияси. 23 август куни Chandrayaan-3 автомат ой станцияси «Прагян» ровери билан Ой юзасига муваффақиятли қўнган эди. Олимлар у қўнган жанубий қутбда сув музлари конлари борлигига тахмин қилишмоқда. Шундай қилиб, Ҳиндистон СССР, АҚШ ва Хитойдан кейин ўз аппаратини Ойга қўйган тўртинчи давлат бўлди.

4 сентябрь куни ISRO «Прагян» барча топширилган вазифаларни муваффақиятли бажариб, уйқу режимига ўтгани ҳақида хабар берди. У қарийб 11 кунлик иш давомида олган маълумотлар Викрам қўнувчиси ёрдамида Ерга юборилган.