«Прагьян» ойкезарини олиб учган Ҳиндистоннинг «Викрам» қўниш модули Ой юзасига муваффақиятли қўнди.

Мазкур қўниш жараёнини 6,5 миллионга яқин киши жонли эфирда кузатди.

Бу билан Ҳиндистон ўз аппаратини Ой юзасига қўндирган тўртинчи давлатга айланди. Бунгача ушбу миссияни СССР, АҚШ ва Хитой муваффақиятли бажарган.

«Викрам» Ойга «Чандраян-3» автоматик сайёралараро станциясини етказди. «Прагьян» ойкезари ҳам мазкур станция таркибига киради.

Қўнишдан сўнг турли тадқиқот ускуналари билан жиҳозланган ойкезар платформани тарк этиши ва Ернинг табиий йўлдоши юзасида кимёвий таҳлил ишларини бошлаши айтилган. Оғирлиги 20 кг бўлган ойкезар миссияси 14 кун давом этиши (Ер куни) режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон билан деярли бир вақтда Россия ҳам Ой юзасига қўниш бўйича миссияни амалга ошираётганди. Лекин Россия миссияси муваффақиятсизликка учради ва «Луна-25» сайёралараро автомат станцияси Ой юзаси билан тўқнашди.