Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) ўртасида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни (ТХИ) жалб этиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида мамлакатнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича битим тузилди. Бу ҳақда корпорация матбуот хизмати хабар берди.

Япония ҳукумати билан ҳамкорликда IFC Ўзбекистон ҳукуматига бозорга чиқиш қоидаларини аниқ белгилайдиган, хорижий инвесторлар ва уларнинг инвестицияларига тенг муносабатда бўлишни таъминлайдиган, инвесторларга низоларни ҳал қилишнинг халқаро механизмларидан фойдаланиш имкониятини берадиган ва фақат ташқи иқтисодий ва хусусий инвестицияларга йўналтирилган янги инвестиция қонунчилигини тайёрлашда ёрдам беради.

Бундан ташқари, IFC ҳукуматга махсус иқтисодий зоналарни яратиш ва улардан фойдаланишда хусусий сектор иштирокини таъминлайдиган меъёрий ҳужжатларни амалга оширишга ёрдам беради ҳамда тегишли техник-иқтисодий асослар ҳамда атроф-муҳит ва барқарорлик таҳлили асосида жой танлашни таъминлайди. Амалдаги қоидалар ҳудудларни давлат томонидан бошқаришни назарда тутади, бу эса хусусий сектор иштирокини чеклайди ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини тўхтатади.

«Ушбу ислоҳотлар мамлакат салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ҳукуматнинг иқтисодий ўзгариш ва барқарор иқтисодий ўсиш мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун инвестиция капитали, илғор ечимлар ва технологияларни таклиф қилишга тайёр бўлган халқаро инвесторларни жалб қилишнинг калитидир», — деди IFCнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Покистон ва Афғонистонда бозорларни яратиш бўйича консалтинг бўлими менежери вазифасини бажарувчи Вим Доу.

Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси IFC ривожланаётган бозорларда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган энг йирик глобал ривожланиш институтидир. 1 август ҳолатига кўра, IFCнинг Ўзбекистондаги инвестиция мажбуриятлари портфели 500 миллион долларни ташкил этган.