Венгриянинг Сегед шаҳрида бўлиб ўтган 35-Халқаро информатика олимпиадасида 2 нафар ўзбекистонлик ўқувчи бронза медалларини қўлга киритди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бу ўзбекистонлик ўқувчилар учун информатика олимпиадасида қўлга киритилган илк медаллар бўлди.

Ғолиб ўқувчилар:

  • Дилёрбек Валижонов — Андижон шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси;
  • Дилшодбек Хўжаев — Тошкент шаҳрудаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси.

Президентнинг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бронза медалини қўлга киритган ўқувчилар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, у ҳозирда 330 минг сўм)нинг 200 баравари (66 млн сўм), устози 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофотлари билан тақдирланади.

Бундан ташқари, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган бўлса, лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама олади.

Маълумот учун, 2023 йилда энг нуфузли 5 та халқаро олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар 13 та медални қўлга киритди.