Журналист Шуҳрат Шокиржонов Самарқанд вилоятидаги метан «заправка»ларга газ лимити жорий этилаётгани ҳақида ёзди.

газ лимити, метан заправка, энергетика вазирлиги

График: t.me/shokirjonov

Шундан сўнг иқтисодчи блогер Отабек Бакиров «Ойлик газ лимити энди кунлик газ лимитига айландими?» дея пост қолдирди. Унда, хусусан, августнинг иккинчи ярмидан аввал вилоятларда, кейин Тошкент шаҳрида газ «заправка»ларда пайдо бўлган узун навбатлардан кейин Энергетика вазирлиги берган муносабатга эътибор қаратилган.

Вазирлик ўшанда газ «заправка»ларга август ойи учун уларнинг талабларига асосан белгиланган лимитга кўра газ етказиб берилаётганини, унинг нархи ошмаганини маълум қилганди.

«Вазирлик заправкаларга ойлик лимит борлигини феълан тан олганди. Энди буёқда кунлик лимит деган чеклов ҳам чиқмоқда. Табиийки, иккитагина ноқулай савол пайдо бўлади», — деб ёзади блогер.

«Биринчидан, газ заправкаларга кунлик ва ойлик лимитлар қайси қоида ва методология асосида белгиланади? Лимитлаш учун қанақадир норматив ҳужжат мавжудми? Методология очиқми? Танишса бўладими? Агар очиқ методология бўлмаса, газни ким қайси қўл тақсимлайди? Қайси чиновник? Вазирми? Замминистрми? Ҳудудгазми?» — дея савол қўйди у.

Отабек Бакиров, шунингдек, лимитлар талаб доирасида ва чекловларсиз ўрнатилаётган бўлсаю, соат 12 да лимити тугаб қолган газ заправка қўшимча лимит сўраши мумкин ёки йўқлиги ҳақида савол қўйди.

«Қўшимча газ бериладими? Қанчада берилади? Масалан, Шокиржонов келтирган рўйхатда соатига минг кубдан кўп газ сотаётган газ заправка учун лимит 7 соат ўтмай тугайди, қолган 17 соат заправка ва ҳайдовчилар нима қилиши керак?» — деб ёзган иқтисодчи.

Вазирлик муносабати

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг билдиришича, табиий газ баланси Вазирлар Маҳкамасининг [22-сонли] қарори билан тасдиқланган «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»га мувофиқ ишлаб чиқилади ва шу асосда ресурслар ҳамда тақсимот баланси шакллантирилади.

«Бугунги кунда „Ҳудудгазтаъминот“ АЖнинг ҳудудий филиллари томонидан 1173 та АГТКШга 2023 йилнинг 8 ойида 2,5 млрд куб метр табиий газ етказиб берилган. Бу миқдор ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 106 млн куб метр кўпдир», — дея маълум қилди вазирилик.

Қайд этилишича, табиий газ етказиб беришда газ қувурларининг гидравлик ўтказувчанлигидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб асосида соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик газ ҳажмлари белгиланади.

Белгиланган газ ҳажмлари эса истеъмолчилар билан тузиладиган шартномаларда кўрсатиб ўтилган бўлиб, истеъмолчиларнинг буюртмаси асосида шакллантирилади, дейилади хабарда.

Вазирлик истеъмолчилар қўшимча газ ҳажми хариди юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорида кўрсатилган тартиб бўйича мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.

«Бунда газ таъминоти ташкилотлари табиий газ ресурслари ва газни тақсимлашнинг тасдиқланган балансига мувофиқ ажратилган ҳажмлардан келиб чиқиб, буюртмаларни қайта кўриб чиқишга ҳақли», — дея қўшимча қилди вазирилик.