Ижтимоий тармоқларда метан «заправка»ларда навбатнинг узайиб бораётгани, бир қатор «заправка»лар ёпиқлиги, мазкур вазиятга нархлар ошиши сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдираркан, табиий газ белгиланган талабга асосан етказиб берилаётганини маълум қилди.

Таъкидланишича, барча метан «заправка»ларга август ойи учун ҳам уларнинг талабларига асосан белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилган. Ҳеч қандай чеклов киритилмаган.

«Қайсидир метан «заправка» ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин. Шунингдек, аввал таъкидлаганимиздек, метан «заправка»ларда сотиладиган бир куб газ учун белгиланган нарх ошгани йўқ», — дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, аҳоли ва бошқа тоифадаги истеъмолчилар қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланган муддатларда табиий газ нархининг оширилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилишини эслатиб ўтди.

«Заправка»ларда газ нархининг асоссиз оширилиши ҳолатларига гувоҳ бўлинган тақдирда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 рақамига қўнғироқ қилиш сўралди.