Ўзбекистон Марказий банки 2023 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича кўчмас мулк бозори шарҳини тақдим этди.

Регулятор маълумотларига кўра, бироз пасайишдан сўнг иккинчи чоракда (апрель-июнь) кўчмас мулк бозоридаги фаоллик кўтарилиш босқичига ўтди. Талабнинг асосий драйвери аҳолининг ипотека кредитларига нисбатан талаби бўлиб қолмоқда, айни вақтда бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозорида тўғридан-тўғри харидлар ҳажмининг ўсиши, шунингдек, уй-жой ижараси бозори ўсиши «ҳали ҳам сустлигича қолмоқда».


кўчмас мулк бозори, марказий банк, тошкент, уй-жой бозори

Иккинчи чоракда кўчмас мулкни бошқалар номига ўтказиш бўйича тузилган битимлар сонининг юқори ўсиши кузатилди — 90,8 мингтагача, бу ўтган чоракка нисбатан 21 фоизга (ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга) кўп.

Биринчи чоракда бир қатор вилоятларда (Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Бухоро ва Қашқадарё) қайд этилган фаоллик пасайиши апрель-июнь ойларида тўлиқ тикланди.

Фаоллик ортиши фонида бирламчи ва иккиламчи бозорларда уй-жой нархининг ўсиши ҳам тезлашди. Хусусан, июнь ойи охирида иккиламчи уй-жой нархлари йиллик кўрсаткичда 27,2 фоизга ошган (таққослаш учун: март ойи охирида йиллик ўсиш 24 фоизни, 2022 йил декабрь ойи охирида эса 27,7 фоизни ташкил этган), бирламчи бозорда нархлар 21 фоизча кўтарилган, март ойида бу кўрсаткич 18,2 даражасида эди.

«Нархлар ўсишидаги асосий омиллар иқтисодий ўсиш, уй-жой қурилиши секторининг ривожланиши тезлашиши ва жозибадорлиги ортиши, ипотека кредитлаштирилиши, аҳолининг юқори инвестицион талаби, жамғарма учун муқобил воситалар сонининг нисбатан чеклангани, шунингдек, инвестициялашга нисбатан консерватив ёндашув бўлиб қолмоқда», — дейилади шарҳда.

кўчмас мулк бозори, марказий банк, тошкент, уй-жой бозори

Жорий йилда ипотека кредитлари аҳоли талабини оширувчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Биринчи олти ойда 7 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди, бу 2022 йилга нисбатан 6,7 фоизга, 2021 йилга нисбатан 2 баробарга кўп ҳисобланади.

Ипотека маблағларининг қарийб 60 фоизи янги уй-жойларни сотиб олишга йўналтирилди, бу эса қурилиш соҳаси учун қўшимча рағбат бўлиб хизмат қиляпти. Бу қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда ҳам ўз аксини топяпти. Хусусан, биринчи беш ойда йил бошидаги энергоинқирозга қарамай, 13,3 фоиз кўпроқ (4,6 миллион тонна) цемент ишлаб чиқарилди.

Тошкентдаги уй-жойлар

кўчмас мулк бозори, марказий банк, тошкент, уй-жой бозори

Марказий банк сўнгги йилларда Тошкент шаҳрининг кўчмас мулк бозорига нафақат аҳоли ва тадбиркорлар, балки норезидентлар томонидан ҳам юқори қизиқиш кузатилаётганини қайд этди. Пойтахт кўчмас мулк бозори Марказий Осиёдаги энг йирик кўчмас мулк бозорларидан бири (Олмаотадан кейин) ва мамлакатдаги энг йириги ҳисобланади. Унинг ҳиссасига кўчмас мулк билан боғлиқ барча операцияларнинг деярли учдан бир қисми тўғри келади.

Июнь ойида Тошкент шаҳрининг иккиламчи бозорида уй-жой нархи йиллик ҳисобда 22,7 фоизга кўтарилди — квадрат метри учун ўртача 11,31 млн сўм. Шу билан бирга, нархлар туманлар кесимида нотекис ўсди. Йил давомида Яккасарой туманида нархлар 21,6 фоизга ошиб, квадрат метри учун 12,2 миллион сўмгача етди, кўрсаткич Чилонзорда 1 кв.м учун 12,14 млн сўм (+21,6 фоиз), Юнусободда 11,91 млн сўм (+22,4 фоиз), Мирободда 11,87 млн сўм (+9,4 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида 11,86 млн сўмни ташкил этди (+20,1 фоиз).

Учтепа туманида нархлар 11,8 млн сўмгача (+32,9 фоиз), Шайхонтоҳурда 11,69 млн сўмгача (+19,8 фоиз), Олмазорда 11,28 млн сўмгача (+32,4 фоиз), Яшнободда 11,08 млн сўмгача (+29,3 фоиз), Сергелида 9,89 млн сўмгача (+35,6 фоиз), Бектемирда 9,4 млн сўмгача (+40,1 фоиз) кўтарилди.

Шаҳарнинг марказий қисмларида нархлар чекка ҳудудларга қараганда пастроқ суръатларда ўсди, бу кўп жиҳатдан чекка ҳудудлар инфратузилмаси ривожланиши тезлашгани, шаҳар ҳудудининг кенгайиши ва нархларнинг аста-секинлик билан марказ даражасига яқинлашиши билан боғлиқ, деб қайд этди регулятор.

Энг арзон уй-жой ҳамон Қорақалпоғистонда — кв.м учун 3,8 миллион сўм.

Ер бозори

Ер бозори ҳам янги бинолар нархига энг катта билвосита таъсирни ўтказади ва пойтахтдаги нархлар ўсишининг асосий омили ҳисобланади. Пойтахтда 100 кв. м ер майдони (1 сотих) нархи йил давомида 227 миллион сўмдан 272 миллион сўмгача (+19,8 фоиз) ошди.

кўчмас мулк бозори, марказий банк, тошкент, уй-жой бозори

Ижара

Марказий банкнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилги ташқи шоклардан (Россиядан норезидентларнинг келиши) кейин ижара нархининг ошиши таъсири «маълум даражада тугади». Июнь ойининг ўзидаёқ бу бозор учун хос бўлган мавсумий омиллар, хусусан, ўқув йилининг тугаши ва таътил даврининг бошланиши ижара нархининг пасайишига олиб келди. Июнь ойи якунларига кўра, йиллик ҳисобда ижарага бериладиган уй-жой нархлари 18,8 фоизга ошган, йил бошидан бери эса нархлар 6,2 фоизга пасайган.

Ижара тўловлари бўйича иккиламчи бозордан фарқли ўлароқ нархларнинг нисбатан бир текис ўзгариши кузатилмоқда. Бектемир тумани бундан мустасно, бу бозорда ўтган йилнинг октябрь ойидаги ижобий нарх шокидан сўнг эҳтимолий қайта баҳоланиш натижасида бироз ўсиш қайд этилган.