Судочье — қамишлар, чинклар, қушлар макони
Бир вақтлар соҳилида юзлаб одамлар яшаган, ҳозир эса миллионлаб қушларга қўналға вазифасини бажарувчи кўлдан репортаж
Судочье — қамишлар, чинклар, қушлар макони
Бир вақтлар соҳилида юзлаб одамлар яшаган, ҳозир эса миллионлаб қушларга қўналға вазифасини бажарувчи кўлдан репортаж
Нукусдан тахминан 150 км узоқликда, Мўйноқ туманида, маҳаллий аҳоли «Суви дуччи» (ўзбекчасига «суви чучук») деб атаган, хариталарга Судочье номи билан киритилган кўллар тизими бор. У ерга борадиган тўғри ва текис йўл йўқ, шу боис масофани босиб ўтишга 4 соатча вақт кетади.
Нукусдан тахминан 150 км узоқликда, Мўйноқ туманида, маҳаллий аҳоли «Суви дуччи» (ўзбекчасига «суви чучук») деб атаган, хариталарга Судочье номи билан киритилган кўллар тизими бор. У ерга борадиган тўғри ва текис йўл йўқ, шу боис масофани босиб ўтишга 4 соатча вақт кетади.
Манзилга етгач, йўл азоби ҳам унутилади, кетган вақтингизга ҳам ачинмайсиз: сизни қамишзорлар қуршовидаги кўллар кутиб олади. Бу ҳудуд Сибирь ва тундрадан жанубдаги иссиқ ўлкаларга (ва аксинча) учадиган қушларнинг Ғарбий Осиё миграцион йўлида жойлашган. Айни миграция вақти — баҳор охири ва куз бошида келсангиз, сизни нафақат қамишзор, балки минглаб, эҳтимол, миллионлаб қушлар кутиб олади.
2021 йили умумий майдони 280 минг гектардан зиёд бўлган Судочье-Ақпетки давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган эди. Қўриқхона маъмурияти «Судочье кўли» экотуристик масканини ишга туширган. Ҳозирча бу маскан иккитагина ўтовдан иборат (келгусида меҳмонхона ҳам қуришмоқчи). Бу ерда хизмат кўрсатувчи ходимлар ва саноқли балиқчилардан бошқа ҳеч ким йўқ.
реклама
реклама
Аммо соҳилнинг бу қисмидаги манзара ҳар доим ҳам шундай бўлмаган — кўл бир бутун, улкан ва сувга тўла бўлган вақтларда (бунақаси сўнгги бор 1960 йиллар охирида кузатилган) экомаскан ўрнида Урга номли шаҳармонанд қишлоқ бор эди. Унда нафақат балиқчилик, балки териси учун ондатра, нутрия боқадиган, тулки овлайдиган юзлаб аҳоли истиқомат қилган.
Ҳозир ҳаёт гуркираган даврдан ёдгорлик сифатида мактаб биноси ва хонадонларнинг қолдиқлари, салкам бир аср аввал қурилган иморат харобалари қолган, холос. Мактабда балиқчиларнинг болалари таҳсил олган, пештоқи узоқдан келаётганларга мўлжал вазифасини бажарувчи иморат эса балиқчиларга хизмат қилган — бино ичида ҳозир ҳам балиқчиларнинг эски, экспонатга айланиб кетган тўрларини учратасиз.
Атрофда балиқчиларга тегишли бошқа иншоотлар ҳам бор. Улардан бири, масалан, ертўлага ўхшаш, балиқ қуритиш ва сақлашга мўлжалланган, устига қамиш бостирилган қурилма. Таъкидлашларича, қишда, сув музлаганида, бу қурилма ичи муз бўлаклари билан тўлдиради — қарабсизки, балиқларни сақлаш учун табиий музлатгич ҳам тайёр.
Ташландиқ харобалар, ичидаги ёқимсиз ҳид, улар атрофидаги чиқиндилар дилни хира қилади. Аммо Судочьеда хира бўлган дилни сувга, қамишзорга, кўзни қувнатувчи булутлар тўла осмон ва бу осмонга қараб бўй чўзган неча минг йиллик табиат ёдгорликлари — чинкларга қараб чароғон қилишдан осони йўқ.
Судочьенинг тақдири Амударё ва Орол билан бевосита боғлиқ. Амударё тўлиб-тошиб, Оролни сувга тўлдириб, денгиз қуришидан дарак ҳам бўлмаган вақтларда Судочьенинг майдони 350 квадрат километргача етган — у бошидан бу бошига узунасига 250 километргача, энига эса 15 километр сузиш керак бўлган.
Аммо Оролнинг қуриши Судочьега ҳам салбий таъсир қилган. У бугун Ақушпа, Катта Судочье, Қаратерен ва Бегдулла-Айдин номли тўртта сув омборидан иборат. Улар ҳам барқарор эмас. Масалан, Катта Судочье 2001 йили қуриб қолганди. Аммо сўнгги йилларда вазият бирмунча яхшиланган. Шунданмикин, кўлга сақоқушлар, оққушлар, ўрдагу ғозлар ёнига фламинголар ҳам қайтган.
«Кўлдаги қушларни, айниқса фламинголарни яхши кўраман. Қай бир тур қай вақтда кўлга келишини деярли ёдлаб олганман», — дейди 69 ёшли Ялғаз Алижанов. У асли қўнғиротлик, 17 йилдан бери Судочьеда қайиқчилик қилади. Шу ерда икки шогирди бор, яна шогирд олишга тайёр, «кимдир қайиқчиликни ўрганмоқчи бўлса, келсин, ўргатаман», дейди.
Ялғаз оға бир вақтлар Судочьеда «қушларнинг ҳам, балиқларнинг ҳам ҳамма тури» бўлганини айтади. Қушлар ҳозир ҳам кам эмас — кўлда 240 қуш тури кузатилган бўлса (уларнинг 28 таси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган), шундан 150 таси кўчманчи. Оғанинг айтишича, кўлда ҳозир зоғора (сазан), товонбалиқ (карась) ва бошқа шу каби балиқ турлари учрайди. Аммо сув сифати пасайиб кетган, шу боис, баъзи мутахассисларнинг фикрича, бу ерда балиқчилик ҳозир 1950−1960 йиллардагидек самарали эмас.
реклама
реклама
Қамишлар — Судочьенинг гўзал рамзлари. Қамишли ороллар оралаб қайиқда сузаркансан, ўзингни мисоли Қамишли Венецияга тушгандек ҳис қиласан (Венециядан фарқли бу ерда «канал»лар бўйида кўҳна уйлар эмас, кўчманчи қушларнинг инлари «қад ростлаган»). Бу қамишлар шунчаки чиройли эмас, балки даромад манбаи ҳам: Судочье қамишларидан қурилиш маҳсулоти — ДСП тайёрлашда ҳам фойдаланилади.
Шовуллаб, бир маромда оромбахш овоз чиқарувчи бу ўсимлик вақти келса балога ҳам айланиши мумкин. У қуригач, Мўйноқнинг ёзги жазирамасида осон аланга олувчи нарсага айланади. Масалан, 2019 йил июлида Судочьеда салкам 300 гектар майдонда қамишзор ёниб кетганди — ўшанда масъуллар бехабар қолиб, қамишзор икки кун ёнган. Бундан ташқари, авваллари «чорва учун янги қамиш ўсиб чиқсин» дея маҳаллий аҳоли ҳам кузда қамишга ўт қўярди. Аммо ҳозир бу амалиёт тақиқланган.
Судочье кўллар тизими — ҳеч муболағасиз — Қорақалпоғистондаги ажойиб маскан. Минглаб-миллионлаб кўчманчи қушлар учун вақтинча қўналға вазифасини ўтувчи бу сув ҳавзаларини нафақат асраб-авайлаш керак, балки уни Сариқамиш кўли билан бирга одамлар учун фаол ҳордиқ масканига айлантириш ҳам мумкин. Сайёҳларнинг мунтазам оқими ушбу кўллар тизими муаммоларини ҳам тезроқ ҳал қилишга, 2019 йилдаги каби фавқулодда ҳолатларнинг олдини ҳам олишга хизмат қилса не ажаб.

Суратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Фоторепортаж Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида тайёрланади.
Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон почта манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг