30 август куни Транспорт вазирлиги Тошкент метрополитенининг янгиланган харитасини эълон қилди.

Харитада айрим бекатларнинг янги номларини ва қурилаётган янги метро йўналишини кўриш мумкин. Бироқ унда қўшимча маълумотлар, иш вақти, йўловчилар адашмаслиги учун бекатларнинг аввалги номлари кўрсатилмаган.

метро, харита

Эълон жойлангач, ижтимоий тармоқларда метро харитасининг турли хилдаги вариантлари тарқалди. Хусусан, Telegram`даги Nuriddin blogs каналида унинг шартли белгилар ва қўшимча маълумотлар билан тўлдирилгани жойланди.

Унда метро орқали автобуслар ёрдамида аэропорт, вокзалга қандай етиб олиш мумкинлиги, тўлов усуллари ва шаҳардаги диққатга сазовор жойлар белгилари ҳам кўрсатилган.

метро, харита
Шунингдек, «Модификатор» канали муаллифи ўзи яратган харитани жойларкан, унда бекат номлари ўзбек ва рус тилларида кўрсатилгани, эски номлар ҳам қўшилгани ва аэропортнинг жойлашган жойини ҳамда унга қандай бориш кераклигини кўрсатганини таъкидлади.

Шаҳар марказини схематик тарзда ифодалаш орқали туристларга қулайлик яратилгани қайд этилди.

метро, харита

Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Тошкентда очилганидан бери фақат рақамлар билан ажратилган 19 та метро бекатига ном берилганди. «Дўстлик — Қўйлиқ» ерусти метро ҳалқа йўлига «Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги» номи берилган.

29 август куни Ўзбекистон президенти Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти метросининг янги участкасини бориб кўрди, метрода юрди.