«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингининг янгиланган вариантини эълон қилди.

2019 йилдан буён рейтингга 100 нафарга яқин давлат хизматчиси киритилган. Уларнинг 15 фоизи вазир ва вазир ўринбосари лавозимига кўтарилган, камида 10 фоизи Президент администрациясида масъул лавозимларда фаолият юритмоқда, 50 фоизга яқинининг лавозимида ўсиш кузатилган.

Бу йилги рейтингда раҳбарлар рўйхатига нафақат давлат хизматчилари, балки нодавлат сектор вакиллари ҳам киритилди. Жумладан, Халқаро пресс-клуб раиси Жалолиддин Усмонов, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси бош директори Абдуазиз Абутолипов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Нозима Давлетова, «Замин» халқаро жамоат фонди директори Тамила Алиева рейтингдан жой олди.

ёш раҳбарлар, рейтинг, юксалиш
Инфографика: «Юксалиш»

Шунингдек, қуйидагилар рейтингга биринчи марта киритилди:

  • Адилбек Алланазаров (35 ёш) — Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири;
  • Бобур Бекмуродов (38 ёш) — «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси;
  • Мурод Исмоилов (40 ёш) — ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари;
  • Ойбек Ҳамроев (40 ёш) — инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари;
  • Расул Зарикеев (38 ёш) — Қорақалпоғистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазири;
  • Умид Мамадаминов (40 ёш) — энергетика вазири ўринбосари;
  • Шуҳрат Худойқулов (39 ёш) — Uzbekistan Airways АЖ бошқаруви раиси;
  • Шерзод Рабиев (40 ёш) — адлия вазири ўринбосари.

Умуман олганда, бугунги кунда 21 нафар вазирдан 8 нафари (38 фоизи) — 35 ёшдан 45 ёшгача, 5 нафари (24 фоизи) — 46 ёшдан 50 ёшгача, 3 нафари (14 фоизи) — 51 ёшдан 55 ёшгачадир. Маҳаллий ҳокимият органларининг таркиби ҳам сезиларли даражада янгиланди. Яқинда ўтказилган тадқиқот Ўзбекистонда ҳокимларнинг ўртача ёши 46 ёшни ташкил этишини кўрсатган.

«Вазирлик ва идоралардаги асосий лавозимларга кўпчилиги чет элдаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олган, амалий иш тажрибасига эга ҳамда турли соҳа ва йўналишларда ўзини кўрсата олган, йирик хорижий компанияларда ишлаган истиқболли ёшлар тайинланиши кутилмоқда. Президент уларда эртанги куннинг янги етакчиларини кўрмоқда. Бу, албатта, яқин йилларда Ўзбекистон сиёсий майдонида янги юзлар, янги раҳбар кадрлар пайдо бўлишдан даракдир», — дейилади ҳаракат ҳисоботида.

Март ойида «Юксалиш» Ўзбекистондаги фаол раҳбар аёллар рўйхатини тузганди. Унга «давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этаётган» аёллар киритилган.