Интерпол миллий марказий бюроси ходимлари кўп маротаба фирибгарлик содир этишда гумонланган шахсни Манагуадан Тошкентга олиб келди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Уни олиб келиш Ўзбекистон ТИВ, АҚШнинг Анқара, Панама, Мексикадаги божхона ва чегара хизматлари, Россия ИИВнинг Никарагуадаги вакили, АҚШ Давлат департаменти Дипломатик хавфсизлик хизматининг Тошкент, Истанбул, Манагуа, Панама, Мексикада хориждаги жиноий ишларни тергов қилиш бўлимлари ёрдами билан амалга оширилган.

Масофа, вақтдаги катта фарқ ва бир қатор сабабларни ҳисобга олиб, гумонланувчини транзит қилиш ва ўтказиш бўйича барча тартиблар Бош котибиятнинг Қўмондонлик ва мувофиқлаштириш маркази ва Ўзбекистондаги Интерполнинг миллий марказий бюроси томонидан мувофиқлаштирилган.

«Жуда кўп мамлакатларнинг хизматлари жалб қилингани ажабланарли эмас, чунки гумонланувчининг изи узоқ Марказий Америкада йўқолган. У бошқа қитъада яшириниб, яна жиноий фаолият — ноқонуний миграция, хорижий фуқароларни Лотин Америкаси давлатлари орқали АҚШга ўтказиш билан шуғулланган», — дейилади хабарда.