Ханчжоу шаҳридаги Хитой миллий ипак музейида XIX Осиё ўйинларига бағишланган «Ранг-баранг Осиё: Осиё либослари кўргазмаси» анжуманини ўтказилади. Унда Ўзбекистоннинг 20 та музей экспонати ҳам намойиш этилади, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Хитой миллий ипак музейи ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ханчжоудаги Ғарбий кўл ёнида жойлашган. Музейнинг кўргазма майдони тахминан 1200 квадрат метр. Мазкур музей Хитойдаги 6000 та музей орасида 9-ўринни эгаллайди.

Кўргазмада Осиёнинг турли минтақаларидан 150 га яқин либос тақдим этилади. Шунингдек, босма, тўқувчилик ва каштачиликнинг қадимий услуби ворислари бўлган бир нечта ҳунармандлар ҳам таклиф этилади.

Ўзбекистон кўргазмада Давлат санъат музейи ва Самарқанд музей-қўриқхонаси сара тўпламларига мансуб 20 та музей экспонатини тақдим этади. Ханчжоудаги кўргазмада анъанавий ўзбек сўзаналари, чопон ва заргарлик буюмлари намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар ўзбекистонлик усталар томонидан тайёрланган анъанавий санъатнинг энг яхши намуналарини томоша қилиши мумкин.

Кўргазмадан кўзланган мақсад Осиё мамлакатлари маданиятининг бир-бирларига ўзаро таъсири, уларнинг қуруқлик ва денгиз Ипак йўли орқали ўзаро алмашинивуни намойиш этишдан иборат, дейилади хабарда.

26 сентябрь куни Ханчжоу шаҳрида бетакрор ўзбек газламаларини анъанавий ишлаб чиқариш жараёни намойиш этиладиган «Ўзбекистон оқшоми» тадбири бўлиб ўтади. Ўзбекистон музейлари экспонатлари жамғарма кўмаги билан ташкил этилмоқда.

Кўргазма Ханчжоу шаҳрида 2 сентябрда очилиб, 2023 йилнинг 12 ноябрига қадар давом этади.