Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Ўтган ҳафта охирида об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилди. Республика бўйича барча жойларда ёмғир ёғди, баъзи жойларда момақалдироқ ва шамолнинг кучайиши қайд этилди. Кундузги ҳарорат 5−10 даражага пасайди.

28 август куни эрталаб республика ҳудуди бўйича (энг чекка шарқий ҳудудлардан ташқари) ёмғир ёғиши тўхтади, осмон булутлардан тозалана бошлади. Кундузи ҳарорат +23…+28 даража атрофида бўлади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида душанба куни булутли об-ҳаво сақланиб туради, айрим ҳудудларда ёмғир ёғади.

Сешанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ, кам булутли ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +29…+32 даражагача кўтарилади. Фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига нам ҳавонинг янги қисми тарқала бошлайди, Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши мумкин.

30 августда республика бўйича баъзи жойларда, 31 августда кечаси ва эрталаб Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлади.

31 августда кундузи ва 1 сентябрда Ўзбекистоннинг ҳеч қайси ҳудудида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +25…+30 даража атрофида бўлади. 29 августда шимолда, 30−31 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 28 ва 29 август кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. 30 августда ҳамда 31 август кечаси ва эрталаб қисқа ммуддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

31 август кундузи ва 1 сентябрда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 28 августда +24…+26 даража, 29−31 август ва 1 сентябрда +25…+30 даража бўлади.