Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропортида якшанба куни соат 22:09 да шаҳарнинг «Қўйлиқ» подстанциясида содир бўлган авария туфайли электр таъминотида узилиш юз берганини хабар қилганди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти носозлик туфайли аэропорт электр таъминотидан тўлиқ узилганини рад этди.

«Миллий электр тармоқлари» Ситуацион таҳлил бошқармаси тақдим этган маълумотларга таяниб, вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди.

«Тошкент халқаро аэропорти 4 та 35 кВ кучланишли электр тармоғи билан таъминланган бўлиб, кеча содир бўлган фавқулодда ўчиш туфайли унинг 3 таси қисқа муддатга автоматик ҳимоя тизимидан ўчган, бироқ бу пайтда аэропорт электр станциясидан чиқувчи 35 кВ кучланишли электр тармоғи орқали электр энергияси билан таъминланган», — дейилади хабарда.

2023 йил 27 август куни соат 22:11да «Қўйлиқ» подстанциясидан чиқувчи «Л-Хлопковая-35 кВ» электр тармоғи автоматик ҳимоя сигнали таъсиридан фавқулодда ўчган. Шу вақтда Т-3 ва Т-4 трансформаторларининг 35 кВ кучланишли томони ҳам ўчган, натижада Тошкент халқаро аэропорти балансида бўлган биринчи ва иккинчи 35 кВ шиналар тизимида кучланиш йўқолган.

Таъкидланишича, орадан 10 дақиқа ўтгач, яъни соат 22:21 да биринчи ва иккинчи 35 кВ шиналар тизимига кучланиш берилган. Айни пайтда носозлик оқибатлари тўлиқ бартараф этилган.

«„Ўзбекистон миллий электр тармоқлари“ АЖ мутахассислари Uzbekistan Airports АЖ маъмуриятига аэропорт электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида, мансублик чегараси доирасида, „ГЭС-5“ станциясидан таъминланувчи 35 кВ кучланишли электр тармоғи барқарор фаолиятини таъминлаш ҳамда халқаро аэропорт захира қувват тармоғини ишчи ҳолатда сақлаш мақсадга мувофиқлигини маълум қилади», — дейилади корхона хабарида.