Тошкент халқаро аэропортида якшанба куни соат 22:09 да шаҳарнинг «Қўйлиқ» подстанциясида содир бўлган авария туфайли электр таъминотида узилиш юз берди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Бир неча сония ичида захира манбалари ҳисобига парвозларни таъминловчи объектлар: учиш-қўниш йўлаклари, ҳаво ҳаракатини бошқариш мосламалари, радионавигация ускуналари қуввати тикланди. Шу туфайли пойтахт аэропортида рейслар кечикиши кузатилмади, дейилади хабарда.

Маҳаллий авиакомпанияларнинг учиб келиш терминали ва ички авиалиния терминали ҳам зудлик билан захира манбаларига ўтказилди. 15 дақиқа ичида — соат 22:24 да халқаро авиакомпанияларнинг учиб кетиш терминалида электр таъминоти тикланди.

Соат 22:40 да «Қўйлиқ» шаҳар подстанциясида юз берган авария бартараф этилиб, аэропортда электр таъминоти тўлиқ тикланди.