Эслатма: материалда судланувчиларнинг исмлари ўрнига бош ҳарфлар ишлатилган, чунки суд айбланувчиларнинг шахслари ОАВда кўринмаслиги ва уларнинг исмлари кўрсатилмаслиги ҳақидаги адвокатларнинг илтимосини қаноатлантирган. Биз аввалроқ адвокатлар баъзи ОАВларни айбсизлик презумпцияси тамойилини бузганликда айблагани ҳақида ҳам ёзгандик. Суд, шунингдек, жараённи онлайн трансляция қилишни тақиқлади. Қайд этиш жоиз, судланувчиларнинг тўлиқ исмлари Олий суд веб-сайтида мавжуд.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ ходими Н.М. 18 август куни камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли дорилари юзасидан Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтаётган ишда сўзга чиқди. Бу ҳақда Дарё хабар бермоқда.

Айбланувчи 33 минг доллар билан боғлиқ воқеага қўшимча қилди. Бундан олдинги суд ишида Quramax Medikal компания директори Рагвендра Пратар (Singh Ragvendra Pratar) мазкур пулларни «Кураракс 200» ва «Кураракс 400» дориларини рўйхатдан ўтказиш ортидан Marion Biotech PVТ. Ltd (Ҳиндистон, у шунингдек «Док-1 Макс», «Амбронол» ва бошқа дориларни ишлаб чиқарувчи) корхонасига тайинланган инспекцион текширувни бекор қилиш учун берганини тан олганди.

«2022 йилнинг июль ойи ўрталари ёки охирларидами ҳамкасбим, раҳбарнинг биринчи ўринбосари А.А.нинг хизмат хонасига иш билан кирдим. Ҳамкасбим ўша пайтдаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари С.К.дан бир қанча топшириқлар келиб тушганини, топшириқлар орасида иккита фирмани „инспекциядан ечиш“ бўйича топшириқ ҳам бўлганини айтиб, шу топшириқ бўйича иш юритилиши кераклигини қўшимча қилди», — деди судланувчи.

Шунда у ҳайратланиб, ростдан ҳам шундай топшириқ тушганлигини сўраган. А.А. эса раҳбардан келган топшириқни Telegram`да қабул қилиб олганини айтиб, ёзишмаларини кўрсатган.

«Топшириқда иккита фирманинг номи ёзилган экан. Шундан сўнг A.A. экспертлар кенгаши котиби У.Т.ни чақириб, раҳбар топшириғини айтди. Шунда у бу топшириқни шахсан раҳбар бердими, мен бунга аниқлик киритишим керак деб хонадан чиқиб кетди», — дейди собиқ раҳбарини айблаган судланувчи.

Судланувчининг эслашича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида У.Т. вазиятга аниқлик киритиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ раҳбари С.К. қабулида бўлиб, иккита фирмага нисбатан тайинланган текширувни бекор қилиш ҳақида қатъий топшириқ берилганига ишонч ҳосил қилган.

Судда мазкур айбловни рад этган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари С.К. фирмаларга тайинланган инспекцион текширувни рад этганини билдириб, бу ҳақдаги ҳужжатга билмасдан имзо қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини айтди.

«Менга кунига 15−20 талаб ҳужжат олиб кирилиб, имзо қўйиларди. Бу ҳужжат ҳам ҳужжатлар орасига тушиб қолган ва билмасдан имзо қўйиб юборган бўлишим мумкин», — дейди С.К.

Суд жараёнидан тайёрланган бошқа репортаж ва хабарларни қуйидаги ҳаволалар орқали ўқишингиз мумкин: