Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Зомин» сайёҳлик-рекреацион зонасида 25 август куни дор йўли ишга тушди. 133,3 миллиард сўмлик лойиҳа Швейцариянинг Bartolet компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Давлат раҳбарининг 2021 йил апрелдаги фармонига мувофиқ амалга оширилаётган «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш лойиҳаси доирасида меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа объектлар, замонавий инфратузилма объектлари барпо этиш кўзда тутилган.

2022 йил июнь ойида Bartolet AG билан 6,72 миллион евролик шартнома имзоланган бўлиб, у дор йўлидан ташқари бошқа лойиҳаларни ҳам ўз ичига олади.
дор йўли, зомин тумани

Дор йўлининг узунлиги 2102 метр бўлиб, 12 та минорали 11 та устунга эга ва соатига 1200 сайёҳга хизмат кўрсатишга қодир. Қуйи станциянинг баландлиги денгиз сатҳидан 1961,1 метр, юқори станцияси 2490,6 метр (баландлик фарқи 529,5 метр). 11-миноранинг баландлиги 35 метр бўлиб, 8- ва 9-устунлар орасидаги энг катта масофа 615 метрдан иборат.

Йўлнинг энг катта қиялиги 42 градус. Максимал ҳаракат тезлиги секундига 6 метр. Ҳаракат пайтида кабиналар орасидаги масофа 141 метрни ташкил қилади. 36 замонавий кабина сайёҳларга хизмат кўрсатади.

«Зомин» зонасида умумий қиймати 456 миллиард сўмлик тўртта лойиҳа бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Булар кўп қаватли автотураргоҳ, ресторан, осма кўприклар ва соғломлаштириш маркази лойиҳалари, дейилади хабарда.

Худди шу зонада «Суффа платоси. 2400» халқаро умуммавсумий курорти ва «Ўриклисой» туризм мажмуаси ташкил этилмоқда. Зоминда, шунингдек, кичик самолётларни қабул қиладиган аэропорт ишга тушиши керак.