Япониянинг Tokyo Electric Power Co компанияси «Фукусима-1» атом электр станциясидан Тинч океанига тозаланган радиоактив сувни тўка бошлади. Бу ҳақда NHK телеканали хабар берди.

Сув станциянинг фаолияти тўхтатилган, қолган иссиқлиги ажралиб чиқаётган ядро реакторларини совутиш учун ишлатилган. 2011 йилда станцияда содир бўлган авариядан бери тахминан 1,3 млн тонна сув тўпланган ва резервуарлар тўлган.

Биринчи партия доирасида 17 кун ичида океанга 7800 тонна сувни тўкиш режалаштирилган. Тўкилаётган сув фильтрлаш тизимидан ўтади. Бу фильтрлаш тизими ундаги тритий изотопидан ташқари барча радиоактив моддаларни тозалай олади. Чиқарилган сувдаги тритий миқдорини Япония ҳукумати томонидан белгиланган хавфсизлик стандартининг қирқдан бири даражасигача тушириш учун у қўшимча равишда тоза денгиз суви билан суюлтирилади. Жараён 30 йил давом этиши кутилмоқда.

Япония сувни тўкишни бошлаганидан сўнг Хитой «хитойлик истеъмолчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида» бу мамлакат денгиз маҳсулотлари импортини бутунлай тўхтатганини эълон қилди. Аввалроқ Хитой «Фукусима» ва унинг атрофидаги ҳудудлардан юк ташишни тақиқлаган эди.

Жанубий Корея, ўз навбатида, сувни тўкиш қатъий режа бўйича амалга оширилса, меъёрларга мос келишини ва «ортиқча ташвиш»га ҳожат йўқлигини тан олди. Бош вазир Хан Дак Су икки давлат регуляторлари ўртасида тезкор маълумот алмашиш учун «ишонч телефони» ташкил этишга келишиб олганини маълум қилди ва Японияни сув тўкиш маълумотларини «шаффоф ва масъулият билан» ошкор қилишга чақирди, деб ёзади Yonhap.

Шунингдек, АЭС сувининг тўкилишига фукусималик балиқчилар ҳам қарши чиқди. Бунга жавобан Япония бош вазири Фумио Кисида уларга сувни оқизиш АЭСни демонтаж қилиш йўлидаги муҳим босқич ва минтақани қайта тиклаш учун зарур чора эканлигини таъкидлади.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик — МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси эса Япониянинг режаларини қўллаб-қувватлади. У буни «МАГАТE томонидан сертификатланган, маъқулланган ва дунёнинг кўплаб жойларида қўлланиладиган» одатий амалиёт деб баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йил март ойида Японияда зилзила содир бўлган ва у 550 квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллаган кучли цунамига сабаб бўлганди. Оқибатда қарийб 16 минг киши ҳалок бўлди.

Табиий офат натижасида «Фукусима-1» АЭСда авария содир бўлди: станциянинг 3 та реакторида ядро ёқилғиси эриши кузатилди. Радиоактив чиқиндилар туфайли 80 мингдан ортиқ одамни эвакуация қилишга тўғри келди.