2023−2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижаларига кўра 193 421 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Шундан 42 минг 655 нафари давлат гранти асосида, 150 минг 766 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга кирди.

‍Талабаликка тавсия этилганларнинг таълим шакллари бўйича тақсимоти:

  • кундузги — 129 927 нафар;
  • сиртқи — 49 852 нафар;
  • кечки — 10 752 нафар;
  • масофавий — 2 890 нафар.

Давлат гранти асосида ўртача балл 119,3 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача балл эса 93,3 баллни ташкил этди. Ўтган йил билан таққослаганда, рақамларда тушиш кузатилди: мос равишда 121,2 ва 95,9 балл.

Бу йилги тест синовларида 948 мингдан зиёд абитуриентдан 888 660 нафари иштирок этди, 59 831 нафари қатнашмади.

Абитуриентларнинг 215 нафари тартиб-қоидани бузган учун тест синовларидан четлаштирилди: 67 нафари ҳудудга киришда, 148 нафари тест синови жараёнида.

Четлаштириш ҳолатларининг аксарият қисми тақиқланган воситалар, жумладан, телефон ва шпаргалка олиб кириш ёки олиб киришга уриниш ҳамда абитуриент ўрнига бошқа шахсларнинг киришга уриниши билан боғлиқ, дейилади агентлик хабарида.

Тест синови жараёнида четлаштириш ҳолатларининг 34 таси (23%) Самарқанд вилоятида, 31 таси (20,9%) Тошкент шаҳрида, 20 таси (13,5%) эса Фарғона вилояти ҳиссасига тўғри келди.

Энг кам қоидабузарлик ҳолатлари Қорақалпоғистон Республикаси (1 та) ҳамда Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида (3 тадан) кузатилди.