Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун сув ҳавзаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорларга балиқчилик лойиҳалари учун 50 млн сўмгача (ҳозирги кунда 33 млн сўм) гаровсиз кредитлар ажратилади.

Жорий йилнинг 1 октябридан давлат тасарруфидаги табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) тадбиркорлик субъектларига балиқларни тижорат ва бошқа мақсадида кўпайтириш ва овлаш учун онлайн-аукцион (E-Auksion) орқали ижарага берилади.

Табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари — сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун ижарага берилади.

Шу билан бирга, ушбу талаблар ижара шартномаларининг амал қилиш муддати тугамаган табиий ва сунъий сув ҳавзаларига (сув омборларига) ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизимига нисбатан татбиқ этилмайди.

2024 йилда балиқ овлаш ҳажмини 900 минг тоннага етказиш, шундан 644,7 минг тоннадан ортиғини ярим интенсив сув ҳавзаларида етиштириш кутилмоқда. Тахминан 9000 та уй хўжалигида уй шароитларида балиқ етиштирилиши кутилмоқда.