14 август куни Доғистон пойтахти Махачқалъа шаҳрида рўй берган портлаш оқибатида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда Республика раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов Махачқалъадаги ёнилғи қуйиш шохобчаси олдида содир бўлган портлаш сабабли хорижий давлатлар фуқаролари ҳалок бўлганини билдириб ўтди.

«Дастлабки маълумотларга кўра, Махачқалъада содир бўлган портлаш оқибатида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига 1 миллион рубль ($10 570) миқдорида ёрдам кўрсатилади», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, фожиадан бир неча кун ўтиб Доғистондаги жамғармалар ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун 100 миллион рублдан ортиқ маблағ йиққан.

Фожиадан бир кун ўтиб, Mash нашри портлашда ҳалок бўлганларнинг фақат 7 нафарига тегишли жасад аниқлангани, улар орасида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси (1990 йилда туғилган) борлиги ҳақида ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш оқибатида 35 киши ҳалок бўлган ва 75 киши жароҳатланган.

Портлаш оқибатида 40 та уй ва меҳмонхона зарар кўрган, автосервис ва ёнилғи қуйиш шохобчаси вайрон бўлган. Кейинроқ Меликов 400 дан ортиқ бино вайрон бўлганини маълум қилган.