21 август куни Ўзбекистондан илк бор Қатар пойтахти — Доҳа шаҳрига тўғридан-тўғри авиапарвоз йўлга қўйилди. Қатновлар А-320 самолётлари орқали Centrum Air хусусий авиакомпанияси, Қатар ҳукумати ва EASYBOOKING компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.

«Биз Ўзбекистон учун Доҳага янги қатновларни йўлга қўйдик. Парвозлар амалга оширилаяпти. Биз ҳозир ҳар бир Ўзбекистон аҳолиси бемалол саёҳат қилиши учун ҳаракатдамиз», — дея таъкидлади Centrum Air компанияси ходими Анора Ходжаева.

Навбатдаги парвоз 28 август кунига режа қилинган. Ҳозирда EASYBOOKING компанияси Қатарга мазкур санада бўладиган сафар учун эксклюзив таклифларни тақдим этмоқда:

  • Визасиз — виза учун ариза топшириш шарт эмас;
  • 12 ёшгача болалар учун бепул парвоз. Акцияда меҳмонхонага барча турдаги жойлаштиришлар иштирок этади: «1+1», «2+1», «2+2» (3−11);
  • Cовға сифатида экскурциялар: сафари ва «ички денгиз»га саёҳат.

Таклиф фақат 28/08/2023 да жўнаб кетиш учун амал қилади.

Қатнов учун айнан Қатар давлати танлаб олинганига сабаб бу мамлакатнинг 2022 йил футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилгани ва бунинг ортидан минтақада саёҳат учун кенг имкониятлар очилганидир.

Қатар Арабистон ярим оролидаги Форс кўрфази билан чегарадош мўжазгина давлат. Мамлакатни 5−7 йил олдинги Дубайга қиёслайдиганлар ҳам бор: ўша замонавий, кўнгилочар ва диққатга сазовор объектлари кўп, тиниқ сувли пляжлар ва аъло даражадаги хизмат. Соҳилда сув спортларидан бири билан шуғулланиш учун барча имконият бор: сёрфинг, сувга шўнғин, каяк. Қолаверса давлат сайёҳларни ҳайратда қолдириш учун ҳам етарлича асос топган. Сунъий The Pearl Qatar ороли, саҳронинг океан билан учрашадиган жойи (дунёда бундай жой фақат иккита), дунёдаги энг узун узлуксиз велосипед йўли.

Қатар пойтахти Доҳа саёҳатчилар учун қулай: ундан дунёнинг 150 дан ортиқ шаҳарларига тўғридан-тўғри рейсларни амалга ошириш мумкин. Мамлакат харид қилишни севувчилар учун ҳам жозибадор манзил: ҚҚС ва даромад солиғи йўқ, шунинг учун сиз маркали буюмларни, олтин ва электроникани жуда қулай нархда харид қилишингиз мумкин.

«Чемпионатдан сўнг мамлакатда катта меҳмонхоналар, инфратузилма, ҳатто кондиционерли кўчалар, ноодатий қурилиш объектлари, пляж ҳамда отеллар, стадионлар барпо этилди ва бунинг ортидан пул айланмаси ҳам ортди. Ҳозир Ўзбекистон аҳолиси айнан шу қулайликларни ўз кўзи билан кўриши учун имконият яратмоқдамиз», — деди EASYBOOKING компанияси маркетинг бўлими бошлиғи Станислав Яковлев.

Шунингдек, ушбу авиақатнов орқали Қатарда саёҳат қилмоқчи бўлганларга компания парвоз ва дам олишдан ташқари қўшимча экскурсия учун ҳам имконият яратади. Қолаверса, мамлакат визасини олиш ҳам дастлабки 3 та рейс учун бепул амалга оширилади. Йўловчилар ҳам бундан мамнун эканини айтмоқда", — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир саёҳатларнинг бошланғич нархи 350 доллар (МБнинг 22 августдаги курсига кўра, 4 млн 235 минг сўм). Агар Ўзбекистондан Қатарга ушбу авиакомпания орқали учишни истовчилар сони ортса, нархлар ўзгаришсиз қолиши мумкин. Лекин, октябрь ойида Қатарда Formula-1 пойгаси мусобақасининг финали бўлади. Айни бу вақтда чипта нархлари ошиши мумкин, деди маркетолог.

Қолаверса, EASYBOOKING компанияси стратегик шериклик ва бошқа йўналишларни ривожлантириш истагини ҳам билдирди.

Қатарга биринчи парвоз қилувчилар орасида аэропортга мусиқий асбоблар билан келган наманганлик футбол мухлислари ҳам бор. Улардан бири Абдулвосит Каримовнинг сўларига кўра, улар Қатарга футбол бўйича Осиё кубоги турнирида иштирок этаётган «Навбаҳор» клубининг учрашувини кўриш учун кетмоқда.

«Ниятимиз ўзи „Қатар-2022“ футбол чемпионатига бориш эди, бироқ бора олмадик. Шунга энди „Навбаҳор“ жамоасининг 22 август куни Қатар клуби билан ўйини бор. Шуни кўриш ҳамда айланиб келиш учун Намангандан 200 нафар одам учиб кетмоқда. Ўзи аслида ЖЧга бора олмаганимиз сабабли тўғридан-тўғри рейс бўлмасада, Абу-Даби орқали Қатар давлатини турист сифатида кўриб келмоқчи эдик. Ҳозир рейсда жой қолмагани сабаб қолиб кетган айрим жамоадошлар Абу-Даби орқали Доҳага учиб кетмоқда. У ерда 1 ҳафта қоламиз, бунда барча хизматлари ичида бўлган умумий тур учун 630 доллар пул сарфладик. Бу нарх бизга қулай. Негаки, бошқа бир давлатнинг биргина визасини олиш учун ҳам 100−200 доллар пул сарфлашга тўғри келади. Ҳозир эса биз биринчи рейсда учаётганимиз учун EASYBOOKING компанияси Қатар визасини текин қилиб берди», — дейди Абдулвосит Каримов.

Маълумот учун, 2008 йилдан бери фаолият юритаётган EASYBOOKING компанияси замонавий брон қилиш хизмати, авиабилетларни харид қилиш, турларни ташкиллаштириш ва трансферни амалга ошириш билан шуғулланиб келмоқда. Шу вақтгача компания хизматлари ёрдамида 3 млндан ортиқ киши саёҳат қилган. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркияда компаниянинг филиаллари ҳам мавжуд. EASYBOOKING дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ ҳамкорларга эга, харид қилиш учун эса 800 дан ортиқ авиакомпаниялар ҳамда лоукостерлар билетлари бор.

Ўзбекистондаги энг ёш авиакомпания — Centrum Air Ўзбекистон ичида ва унинг чегараларидан ташқарида: Рас ал-Хайма (БАА), Тбилиси (Грузия), Хургада ва Шарм-ал-Шайх (Миср), Доҳа (Қатар), Москва (Россия), Малдив оролларига парвозларни таклиф қилмоқда.