Ўзбекистон яна Вьетнамнинг Petrovietnam Exploration & Production (PVEP) компаниясини ўз ҳудудида углеводород захираларини аниқлаш учун жалб қилмоқда, дея хабар берди Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги матбуот хизмати.

17 август куни Тошкент шаҳрида агентлик раҳбарияти, PVEP вице-президенти Нгуен Тиен Бао ва қатор вазирлик вакиллари мамлакатдаги нефть ва газ объектларининг геология-қидирув ишлари соҳасидаги лойиҳаларини муҳокама қилди.

Йиғилиш якунлари бўйича Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Petrovietnam Exploration Production Corporation ўртасида республиканинг Коссор, Шўрчашма, Чуқуркўл участкаларида геологик қидирув ишларини бошлаш тўғрисида битимлар имзоланди.

2010 йилнинг февраль ойида «Ўзбекнефтгаз» ва PVEP ўртасида Коссор инвестиция блокида беш йил муддатга геология-қидирув ишларини (ГҚИ) олиб боришнинг асосий тамойиллари тўғрисида шартнома имзоланган. 2015 йилнинг январида эса PVEP бошқа блок — Молабаурда қидирув ишларини бошлаган.

Бироқ 2016 йил бошида Вьетнам компанияси ўша пайтдаги нефть ва газ бозоридаги салбий вазият туфайли Ўзбекистонда нефть ва газ қидиришни тўхтатган. PVEP томонидан ажратилган блоклар бўйича бошқа қарорлар эълон қилинмаган.