Тошкент вилоятининг Тожикистон билан чегарадаги «Ойбек» чегара божхона постида оғирлиги 55 килограмга яқин гиёҳвандлик воситалари ва сунъий наркотик моддаларни Ўзбекистонга яширинча олиб киришга уринган шахс тўхтатиб қолинди, дея хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги енгил автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганда унинг газ баллони ичига турли шаклдаги 49 дона ва бензин баки ичига 31 дона полиэтилен ўрамларда гиёҳванд моддалар борлиги аниқланган.

Ўрамлар очиб кўрилганда уларнинг ичида 52 кг 877 гр гашиш ҳамда 2 килодан зиёд героин, 1 дона елим идишда 950 гр синтетик гиёхвандлик воситаси борлиги маълум бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 2023 йилнинг август ойига қадар аниқланган 329 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 298 кг оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Аввалроқ Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи ўзбек-тожик давлат чегарасидан 1997 йилда туғилган маҳаллий фуқаро Тожикистондан 19 кг 799 гр опий моддасини контрабанда йўли билан олиб ўтаётганида ушланганди.