Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида терроризмни молиялаштиришда гумонланган эркак ушланди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фарғона вилоятида туғилган 29 ёшли Ғ.О. Жанубий Кореяга бориб, у ерда «Имом ал-Бухорий катибаси» террорчилик ташкилоти етакчилари билан алоқа ўрнатган. Уларнинг ноқонуний фаолиятини молиялаштириб келгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 155−3 (Терроризмни молиялаштириш), 244−2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вазирлик чет давлатларида фаолият юритаётган ёки таълим олаётган фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди. Террорчилик ташкилотлари ёлловчиларининг таъсирига тушиш ҳамда уларнинг фаолиятида қатнашиш оғир оқибатларга олиб келишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Россияда меҳнат мигранти бўлиб ишлаган Яккабоғ туманида яшовчи фуқаро жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ва терроризмни молиялаштиришда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.