Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ақидапарастлик ва террористик материалларни тарғиб қилган эркак 6 йилга қамалди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

«Фуқаро 2019−2022 йилларда Россияда меҳнат мигранти сифатида ишлаган даврида интернет тармоғи орқали террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар ғоявий раҳнамолари бўлган Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Содиқ Самарқандий, Маҳмуд Абдулмўмин ва бошқаларнинг ҳижрат ва жиҳод қилишга ҳамда исломий давлат қуришга чорловчи маърузалари билан танишиб, уларнинг таъсирига тушиб қолган», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шундан сўнг у Instagram тармоғида профиль очиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқата бошлаган. Шунингдек, Telegram мессенжерида ҳам «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти вакиллари билан алоқа ўрнатиб, ташкилот ғоялари сингдирилган ва амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қилувчи материалларни тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланган.

Бундан ташқари, у YouTube тармоғидаги «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилотининг тарғиботчиси билан боғланиб, унинг фаолиятини фаоллаштириш учун банк иловаси орқали пул маблағи юборган. 2022 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам ғайриқонуний ҳаракатларини давом эттирган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг ҳукми билан мазкур шахс Жиноят кодексининг:

  • 155−3-моддаси (Терроризмни молиялаштириш);
  • 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш);
  • 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбдор деб топилган.

Унга нисбатан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.