Давлат хавфсизлик хизмати бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда Андижон вилоятида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинганини маълум қилди.

Хусусан, Андижон шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Equinox автомашинаси Олтинкўл туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг 988 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, Андижон шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушбу гиёҳвандлик моддасини Тожикистондаги наркосавдогарлардан 5500 АҚШ доллари эвазига Наманган вилоятининг Поп тумани ҳудудига келтириб бериш шарти билан сотиб олгани аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Шундай қилиб, Equinox эгаси ушбу гиёҳвандлик воситасини тожикистонлик наркокуръерлар томонидан қолдириб кетилган хуфия жойдан олиб, жиноий шеригининг ёнига кетаётган бўлган.

Бошқа ҳолатда эса Қирғизистондан гиёҳвандлик воситаларини олиб келиб, сотиш билан шуғулланган 2 нафар шахс ушланди.

Хусусан, Жалақудуқ туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган фуқаро 100 гр «гашиш» моддасини Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1974 йилда туғилган жиноий шеригига олиб кетаётган вақтида қўлга олинди. Унинг яшаш хонадонидан эса 586 гр, жиноий шериги уйидан 19 гр «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Андижон шаҳрида яшовчи, 1977 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс эса ўз ўғлининг бошқарувида бўлган KIA автомашинасида Тошкент томон ҳаракатланаётган вақтида Бўстон туманидаги 44-сонли ЙПХ масканида тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг салон қисмида Қирғизистондан келтирилган 673 гр «гашиш» моддаси ҳамда 42 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Унинг яшаш хонадонидан ҳам 14 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.

Андижон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда эса 1969 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғизистондан наркотик моддалар олиб келиб, сотишини бошқалардан сир тутиш мақсадида, шаҳарнинг бошқа ҳудудидан ижарага уй олгани аниқланди. Унинг ижарага олган хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган жами 269 гр «гашиш» моддаси ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.