Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли суд экспертизаси илмий-методик маркази бошлиғи ва прокурори Ғайрат Мусаев ҳамда Хагани Гаджиев «Газета.uz»га Ўзбекистонда электрон тўлов тизимларидаги фирибгарликнинг янги тури ҳақида маълумот берди.

Чаржбэк (инглизча Сhargeback) — тўловчи томонидан товар ёки хизмат кўрсатувчи учун амалга оширилган тўловларининг (транзакцияларнинг), товар берилмаслиги ёки хизматлар кўрсатилмаслиги натижасида маблағларнинг тўловчига қайтарилиш жараёни.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чаржбэк усулидан Ўзбекистон учун янги фирибгарлик схемаларида қўлланилмоқда. Айрим тадбиркорлар ушбу усулдан фойдаланган ҳолда шунга ўхшаш ноқонуний хатти-ҳаракатлардан жабр кўришган.

Масалан, мижоз интернет-дўкондан 8 млн сўмлик ноутбукни банк картаси ёрдамида онлайн тўлов орқали харид қилади. Бир мунча вақт ўтгач, карта эгаси бундай операцияни амалга оширмаганини асос қилиб, хизмат кўрсатувчи банкдан тўловни қайтаришни сўрайди (чаржбэкни амалга оширади). Банк ушбу маблағни товар сотувчиси ҳисобидан олиб, мижозга қайтаради. Сотувчи харидни маълум бир тўловчи томонидан амалга оширилганини исботлай олмайди, чунки у мижозни аниқлаш учун қўшимча чоралар кўрмаган.

Оқибатда бундай ҳолатларга тегишли чораларни амалга оширмаган компания чаржбэк механизмидан ноҳақ фойдаланиш натижасида зарар кўради.

«Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан чаржбек ёрдамида фирибгарлик ҳолатларини текшириш ва олдини олишнинг аниқ методологияси ишлаб чиқилмаган. Банкларда ҳам ушбу механизмни суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлаш ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича махсус тартиблар ҳозирча мавжуд эмас», — дейилади Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси хабарида.

Мутахассисларнинг фикрича, бизнес рискларини камайтириш учун ушбу масалаларни янада чуқурроқ ўрганиш зарур.

Россия Миллий молиявий тадқиқотлар агентлиги (НАФИ) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, 2021 йилда мамлакатда карталардан тўловларни қабул қилувчи компанияларнинг 35 фоизи чаржбэк ҳужумига учраган. Бунда қайтарилган тўлов чекларининг ўртача қиймати 12,3 минг рублни (жорий курс бўйича тахминан 130 доллар) ташкил этган. Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушининг ортиб бораётгани ва норматив-ҳуқуқий базанинг номукаммаллиги ушбу жараён катализаторлари бўлди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2022 йилда чакана тўловларнинг умумий ҳажмида тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар улуши 65 фоизга етди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу билвосита чаржбэкнинг эҳтимолий хатарлари ортиб бораётганидан далолат беради.

Классик фирибгарлик схемасидан фарқли ўлароқ, чаржбэк тартиби тўловчининг айбини исботлашни талаб қилмайди. Мижознинг олинган товар/хизматларнинг йўқлиги ёки компания томонидан фирибгарликда гумон қилингани ҳақидаги баёноти етарли. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг таъкидлашича, исботлаш юки тадбиркорнинг зиммасига тушади, бу масофавий савдонинг ривожланиши шароитида қийин, айниқса мижоз бошқа давлат фуқароси бўлса.

Суд амалиёти таҳлили чаржбэкдан ноинсофлик билан фойдаланишнинг қуйидаги кенг тарқалган схемалари мавжудлигини кўрсатади:

  • товарларни кейинчалик пулни қайтариб олиш мақсадида харид қилиш;
  • тўловни карта билан амалга ошириб, сўнгра тўлов ўғриланган карта амалга оширилган дея чаржбекни амалга ошириш;
  • бошқа фуқаронинг картасидан фойдаланиш;
  • товарни етказиб бериш хизмати билан сотиб олиб, сўнгра етиб келмади дея чаржбэкни амалга ошириш.

Қабул қилинган маблағларнинг қонунийлигини исботлаш вақт ва молиявий харажатларни талаб қилади. Тўғридан-тўғри йўқотишларга қўшимча равишда, компаниялар обрўси тўкилиши ва транзакциялар масаласида тез-тез тортишувлар рўй бергани сабабли жаримага тортилишидан ҳам зарар кўради.

Чаржбекнинг эҳтимолий хатарларини минималлаштириш учун экспертлар тўловни амалга оширишда ва харидор тўғрисидаги маълумотларни ҳамда харид ёки хизмат параметрларини синчковлик билан текширишни (верификация) тавсия қилади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу муаммоларни ҳал қилиш учун қонунчиликни такомиллаштириш, мижозларни идентификациялаш технологияларидан фойдаланиш, тадбиркорлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш зарур.

Asaxiy интернет дўкони асосчиси Фируз Аллаев «Газета.uz»га шу каби ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлади. Хусусан, мижоз бошқа шахснинг картаси орқали буюртма берган, кейин эса чаржбэк усулини қўллаган. Бошқа ҳолатда харидор чет эл фуқаросининг Visa картаси ёрдамида iPhone сотиб олган. Онлайн дўкон телефонни етказиб берган, аммо мижоз пулни қайтариб олган. «Иш прокуратурага ўтказилди, терговчи iPhone учун маблағларни қайтариб олиб берди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ERP — бизнеснинг барча жабҳаларини, жумладан, молия, инсон ресурслари, ишлаб чиқариш, таъминот занжири, хизматлар, харидлар ва бошқа жараёнларни бошқаришга ёрдам берувчи дастурий таъминот тизими бу каби шубҳали вазиятларни аниқлашга ёрдам беради.