Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 21 ёшли аёл О.С. ўзининг яшаш уйидаги молхонанинг тўсин қисмига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини бўйин соҳасидан осиб, ўз жонига қасд қилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолат 15 июль куни соат 17:50 ларда Интизом МФЙдаги хонадонлардан бирида бўлган. 2002 йилда туғилган О.С. ўзининг яшаш уйидаги молхонанинг тўсин қисмига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини бўйин соҳасидан осиб, ўз жонига қасд қилган.

Унинг отаси Қаҳрамон Юлдашев «Газета.uz»га мазкур ҳолатдан шубҳаланаётганини маълум қилди. У 2002 йилда туғилган қизини 2020 йилнинг сентябрида Шаҳрихон туманидан қўшни Олтинкўл туманига 1996 йилда туғилган йигитга турмушга берган.

«2021 йилда қизим ўғил фарзанд кўрди. Неварам ҳомиланинг саккизинчи ойида дунёга келди, яъни муддатидан олдин эрта туғилди. Шу сабабли уни даволатиш пайтида харажатлар кўпайди. Шундан кейин қудалар ўртасига совуқчилик тушишни бошлади. Қизим қайнонаси ва қайнакасидан кўп шикоят қиларди. Куёвим эса кўп урарди. Буни фарзандимнинг ўзи айтмасди, у-бу жойининг кўкаришидан сезардик», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, қизи 2022 йил кузда оилавий жанжал туфайли уч ой давомида ота уйида яшаган.

«Бу вақт ичида эри, қайнонаси ва қайнакаси бир неча марта ялиниб келиб, ваъда бериб олиб кетишди. Ўша вақтда оилани ажратиб юбормоқчи бўлдим. Лекин қизим „янги ҳовлига кўчиб чиқсак, тинч яшаб кетамиз, қайнонам ва қайнакам жанжал қилмайди кейин“, деган эди. Афсус, фарзандим вафот этди», — дейди Қаҳрамон Юлдашев.

Отанинг қайд этишича, у қизининг ҳаётдан кўз юмганини эшитган вақтда чет элда бўлган.

«Анчадан бери Россияга бориб ишлаб келаман. 15 июль куни юрагим ғаш эди, қўлим ишга бормади. Кечга яқин қариндошлар қўнғироқ қилиб, шунақа ҳолат бўлганини айтди. Ўша куни ярим кечаси Фарғона аэропортига қўндим ва тўғри Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Андижон филиалига бордим. Қизимнинг жасадини 16 июль куни кўмдик», — дея қўшимча қилди у.

Қаҳрамон Юлдашевнинг сўзларига кўра, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Андижон филиали ходимлари томонидан унга ўлим ҳақида далолатнома қайд қилинганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилган холос. Экспертиза хулосасининг тўлиқ варианти эса ҳалигача берилмаяпти.

«Тўлиқ хулосани 15 кундан кейин берамиз дейишганди, мана 25 кундан бери турли баҳоналар билан вақт ўтказишяпти. Берилган маълумотномада ўлим сабаблари батафсил қайд этилмаган. Қизимнинг вафотига осиш, бўғиш ва газ билан заҳарлаб атайин ўзини-ўзи жароҳатлаш сабаб сифатида кўрсатилган. Лекин фарзандимнинг ўзини заҳарлаши ва жароҳат етказишига умуман ишонмайман, бу ақлга сиғмайдиган маълумот. Фарзандларимнинг барчасини иродали қилиб тарбиялаганман. Олти йил давомида фарзандсизлик доғида юриб, қизимни тилаб олгандим. У узоқ кутилган тўнғич фарнзандим эди», — дейди ота.

Унинг таъкидлашича, марҳума баданининг бир қанча қисмида кўкариш ҳолатлари бўлган.

«Ўлим ҳақида далолатнома қайд қилинганлиги тўғрисидаги маълумотномадаги ўлим сабабларига нега ишонмаяпман? Чунки қизимнинг жасадини ва унинг бош, бўйин ва қўл қисмиларидаги кўкариш ҳолатларини ўз кўзларим билан кўрдим. Жасадни ювган ғассол аёллар ҳам қизимнинг баданларида кўкариш борлигини айтишди. Воқеа бўлган куни қайнотам ва опам ўша хонадонга борган. Улар қизимнинг жасадини кўришганида бўйнида арқон излари йўқ бўлган. Қайнотам узоқ йил шифокор бўлиб ишлаган. У ҳам ўлим сабабларига шубҳаланяпти», — дейди Қаҳрамон Юлдашев.

Отанинг айтишича, у ҳам қизининг ўлим сабабларидан шубҳаланмоқда.

«Менинг шубҳам шуки, қизим келинлик уйида кучли калтакланган. Шу сабаб ярим жон бўлган ёки хушидан кетгач, улар ўлдириб қўйган ё молхонага олиб кириб, осиб қўйишган. Ҳолат уюштирилган деган гумондаман. Олтинкўл тумани ва вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилганмиз. Лекин ҳалигача натижа бўлганини сезганим йўқ, биз билан боғланишмаяпти ҳам. Адолат бўлишини, жиноятчилар аниқланиши ва қонунан жазоланишини хоҳлайман. Агар қонунлар ишламай, жиноятчилар аниқланмаса, қизимнинг қабрини кавлаб, жасадани қайта суд экспертизасидан ўтказишгача бораман», — дейди у.

Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотномасига кўра, С.О.да бўйин аъзоларини сиртмоқ билан сиқилиши натижасида юзага келган механик асфикция, ўпка виццерал плевра варақлари ости ва юрак эпикард ости соҳаларига қон қуйилиши, бўйин соҳасидаги странгуляцион эгат шилинма, бош пешона ва чап қулоқ супраси атрофида шилинма кўринишидаги жароҳатлар мавжудлиги кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан суд-психология экспертизаси тайинланган.

Хозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Терговга қадар текширув жараёнлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

«Ҳозирда О.С.нинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ишга алоқадор шахслардан тушунтириш хатлари олинмоқда», — дейилади прокуратура ахборотида.

«Газета.uz» вазиятни кузатиб боради.