20 августдан бошлаб Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент — Будапешт йўналишида ҳаракатланган илк парвозда йўловчилар билан бирга Ўзбекистон авиация маъмурияти вакиллари делегацияси ҳам Венгрияга борди. Илк рейс Ференц Лист номидаги халқаро аэропортда кутиб олинди. Ташриф давомида Венгрия фуқаро авиация бошқармаси бош директори Мате Лоуингер билан музокаралар ўтказилди, дейилади вазирлик хабарида.

Тошкент — Будапешт ўртасидаги мунтазам авиақатновлар Qanot sharq авиакомпанияси томонидан ҳафтада бир маротаба амалга оширилади. Рейслар Airbus A-320 ҳаво кемасида бажарилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига кўра 19−20 август кунлари амалий ташриф билан Будапешт шаҳрида бўлди.