Шанба куни Будапешт шаҳрига борган президент Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев Венгрия давлат байрами — авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда ҳамда Будапештда ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалида иштирок этади.

венгрия, виктор орбан

Томонлар Ўзбекистон-Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналар кооперацияси кучаётгани таъкидланди.

Венгриянинг OTP банки Ўзбекистон банк-молия бозорига кириб келгани стратегик аҳамиятга эга экани ҳамда Европа бизнеси учун муҳим ишора, дея аталди.

20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланди, дейилади хабарда.

венгрия, виктор орбан

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.