Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август, жума куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот форматида навбатдаги учрашувни ўтказади, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, йиғилиш аллақачон бошланган. Учрашувга иқтисодиётнинг турли тармоқларидан бизнес вакиллари таклиф этилган.

«Давлат раҳбари тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тадбир доирасида тадбиркорларга давлат мукофотларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.

Аввалроқ Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) ва Савдо-саноат палатаси 2000 дан ортиқ тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларини эълон қилган эди.

тадбиркорлар билан мулоқот

Респондентларнинг 12 фоизи хўжалик судлари фаолиятига қониқарсиз баҳо берган (Қашқадарёда — 33 фоиз, Тошкент шаҳрида — 26 фоиз, Тошкент вилоятида — 24 фоиз).

Шунингдек, сўровнома қатнашчиларининг 11 фоизи электр таъминоти корхоналаридан (Тошкент вилояти — 23 фоиз, Наманган вилояти — 23 фоиз, Тошкент шаҳри — 18 фоиз), яна 9 фоизи газ таъминоти корхоналаридан (Наманган — 21 фоиз, Сурхондарё — 17 фоиз, Андижон — 15 фоиз) норози.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг 45 фоизи электр таъминотида узилишлар (Наманган — 79 фоиз, Тошкент — 64 фоиз, Самарқанд — 57 фоиз), 17 фоизи газ билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълум қилган.

Респондентларнинг 30−45 фоизи электр энергияси, газ ва сув нархини 1,2 баробар оширишга рози.

тадбиркорлар билан мулоқот

Сўровда қатнашганларнинг 62 фоизи солиқ ислоҳоти уларнинг фаолиятига ижобий, 8 фоизи салбий таъсир кўрсатди деб ҳисоблайди. Мурожаатларнинг 3 фоизи контрагентлар фаолияти билан боғлиқ жарималар ҳақида (Тошкентда — 7 фоиз, Самарқандда — 5 фоиз, Андижонда — 4 фоиз). Тадбиркорларнинг қарийб 8 фоизи ҚҚСни қайтариш муаммосига дуч келган.

тадбиркорлар билан мулоқот

Респондентларнинг 73 фоизи кредитлар бўйича юқори фоиз ставкаларини, 25 фоизи — кредит олиш учун кўплаб ҳужжатлар талаб этилиши ҳақида гапирган.

Тадбиркорларнинг 22 фоизи 6−7 миллиард доллар кредитга муҳтож.