Президентининг 2021 йил 16 июндаги фармони билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган. Шунга қарамай, 2023 йилнинг биринчи ярмида Хоразм, Жиззах, Наманган, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг бирорта сессия жонли эфирга узатилмади, дея хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Агентлик мазкур тартибнинг маҳаллий кенгашлар томонидан 2023 йил биринчи ярим йиллигида ижро этилиши ҳолатини таҳлил қилган ва бунда сессиялар тўғрисида эълон қилинган қисқа хабарлар ёки фото ва видеорепортажлар фармон талаблари ижросини таъминламаганлик сифатида баҳоланган. Шунингдек, масофавий мониторинг тартибида трансляцияларнинг сифати ва тўлиқлиги ўрганилган.

2023 йил 6 ой давомида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан жами 102 та сессия ўтказилган. Улардан 40 таси, яъни 39 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.

Хоразм, Жиззах, Наманган, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари томонидан 2023 йил 6 ой давомида ўтказилган бирорта сессия жонли эфирга узатилмаган.

Ўрганиш давомида жонли эфирга узатилмаган сессиялар аксарияти вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида (Facebook, Instagram, Telegram) хабар ва янгилик сифатида эълон қилиб келингани маълум бўлган.

жонли эфир, халқ депутатлари кенгашлари

Туман ва шаҳар кенгашлари

2023 йил биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашлари томонидан республика бўйича жами 1676 та сессия ўтказилган бўлиб, улардан 405 таси, яъни 24 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.

Жумладан,

  • Фарғона вилоятида 16 та (Бағдод, Данғара, Фарғона тумани, Фарғона шаҳри, Фурқат, Марғилон шаҳри, Ўзбекистон, Қўқон, Олтиариқ, Қўштепа, Қувасой шаҳри, Ёзёвон, Қува, Риштон, Сўх, Учкўприк);
  • Тошкент вилоятида 13 та (Ангрен шаҳри, Бўка, Чиноз, Чирчиқ шаҳри, Нурафшон шаҳри, Оққўрғон, Паркент, Қуйи Чирчиқ, Тошкент тумани, Янгийўл шаҳри, Янгийўл, Юқори Чирчиқ, Зангиота);
  • Наманган вилоятида 11 та (Давлатобод, Косонсой, Мингбулоқ, Наманган тумани, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст, Наманган шаҳри);
  • Тошкент шаҳрида 11 та (Бектемир, Чилонзор, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сирғали, Шайхонтоҳур, Учтепа, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод);
  • Хоразм вилоятида 10 та (Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Шовот, Урганч шаҳри, Урганч, Хива шаҳри. Хива, Янгиобод, Янгибозор);
  • Андижон вилоятида 10 та (Хонобод шаҳри, Андижон тумани, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўстон, Хўжаобод, Қўрғонтепа, Улуғнор, Пахтаобод);
  • Жиззах вилоятида 6 та (Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Зомин, Зарбдор, Жиззах шаҳри, Пахтакор);
  • Қашқадарё вилоятида 6 та (Ғузор, Китоб, Қарши шаҳри, Нишон, Косон, Яккабоғ);
  • Бухоро вилоятида 5 та (Бухоро шаҳри, Шофиркон, Жондор, Пешку, Когон);
  • Қорақалпоғистон Республикасида 5 та (Нукус шаҳри, Қораўзак, Тахиатош, Тўрткўл, Хўжайли);
  • Сирдарё вилоятида 4 та (Гулистон шаҳри, Оқолтин, Сайхунобод, Сирдарё тумани);
  • Навоий вилоятида 3 та (Ғозғон шаҳри, Кармана, Томди);
  • Сурхондарё вилоятида 1 та (Сариосиё);
  • Самарқанд вилоятида 1 та (Булунғур) халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари умуман жонли трансляция қилмагани маълум бўлди.

Жонли эфирга узатилмаган аксарият сессияларни туман (шаҳар) ҳокимлиги расмий веб-сайт ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда (Facebook, Instagram, Telegram) хабар ва янгиликлар шаклида эълон қилиш билан кифояланган.

жонли эфир, халқ депутатлари кенгашлари

Маълумот ўрнида, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарларига, туман ва шаҳар ҳокимларига жами 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилиши режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Вилоят ҳокими Акмал Маҳмудалиев 12 июль куни (кўплаб вилоятлардан фарқли равишда) жонли эфирда бўлиб ўтган вилоят кенгаши сессиясида янги автомобиллар харид қилиш нима учун кераклигини тушунтирганди.