Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарларига, туман ва шаҳар ҳокимларига жами 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш учун 4 млрд сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича вилоят халқ депутатлари кенгашининг қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Ҳужжатни муҳокама қилиш муддати 11 июлдан 26 июлгача этиб белгиланган. Маблағ вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йилда шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан ажратилиши кутилмоқда. Ҳужжат билан умумий ҳисобда 7,6 млрд сўм тақсимланади. Шундан:

  • вилоят ҳокимлигига қўшимча бино қуриш билан боғлиқ харажатларга 1 млрд сўм;
  • хусусий шериклик асосида иситиш тизимига ўтаётган ижтимоий соҳа муассасаларини иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш харажатларига 1,2 млрд сўм;
  • 2023 йилда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия маблағларини ажратиш харажатларига 1 млрд сўм;
  • вилоят ҳокими ўринбосарларига ва туман ва шаҳар ҳокимларига 16 та Tracker автомашинасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларга 4 млрд сўм;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 августдаги 660-сонли фармойишига асосан харид қилинган жиҳозларни сақлаш бўйича ижрадан юзага келган қарздорликларни қоплаш харажатларига 400 млн сўм ажратилиши назарда тутилган.

Аввалроқ «Газета.uz» йирик вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлаганди.