15 август куни Вашингтонда Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори ўринбосари Изабель Коулман икки ташкилот ўртасидаги англашув меморандумини имзолади.

USAID хабарига кўра, меморандум доирасида АҚШ агентлиги «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. USAID, шунингдек, ёшлар ва аёлларни IT соҳасига жалб қилиш, техник таълим муассасаларини ўзаро боғлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва IT соҳасидаги бошқа ташаббусларда иштирок этиш орқали мамлакатда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашади.

Шерзод Шерматов ва Изабель Коулман музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик, IT соҳасини қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, хусусий секторни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

шерзод шерматов, usaid, рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли Ўзбекистон — 2030

«Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил октябрдаги фармони билан тасдиқланган. У мамлакатда рақамли саноатни жадал ривожлантириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган бўлиб, ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурларини ўз ичига олади.

Стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» электрон ҳукуматни ривожлантириш, рақамли саноат, рақамли таълим ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги мақсадларни қамраб олган.

Вазирлик ва USAID ўртасида меморандум имзоланишидан аввал 2021 йилда USAID`нинг Ўзбекистондаги миссияси томонидан кенг масштабда Рақамли экотизимни баҳолаш (Digital Ecosystem Country Assessment, DECA) ишлари ўтказилган. Бу агентлик 2020−2024 йилларга мўлжалланган биринчи Рақамли стратегияни қабул қилганидан бери USAID томонидан ўтказилган биринчи шундай баҳолаш бўлганди.