Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 48 минг 976 нафар талабанинг турар жойга эҳтиёжи мавжудлиги ва улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келаётганини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2023 йил 1 июль ҳолатига 4702 ўринли 12 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилган. Айни пайтда 24 394 ўринли 51 та талабалар турар жойини қуриш ишлари давом этмоқда.

Янги ўқув йили бошланишигача республика бўйича жами 6400 ўринли 11 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шундан Тошкент шаҳри талабалар шаҳарчаси ҳудудида жами 3 та 1800 ўринли (Ўзбекистон миллий университети учун 1 та 400 ўринли, Тошкент давлат техника университети учун 1 та 800 ўринли ҳамда Тошкент тиббиёт академияси учун 1 та 600 ўринли) талабалар турар жойида қурилиш, таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланади.

Президентнинг 2023 йил 28 февралдаги фармонига мувофиқ, йил якунигача давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари ҳам тўлиқ қуриб битказилиши айтилган.

«Ҳозирда Тошкентда 48 976 нафар талабанинг (30 фоиз) турар жойига эҳтиёж мавжуд бўлиб, улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади. Тьюторлар (олий таълим муассасаларида талабалар гуруҳларига бириктирилган масъул ходим) орқали бу талабалар билан суҳбатлашилганда 23 774 нафар талаба (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижара хонадони мавжуд эканини маълум қилган. Яъни уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйишган», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу ҳолатда ижара хонадонларига жойлашишга эҳтиёжи бўлган, ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган талабалар 25 202 нафарни ташкил этмоқда.

Қайд этилишича, ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тьюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонлар аниқланган. Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8438 та ижара хонадонининг манзилли рўйхатлари шакллантирилган.

«Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур хонадонларга 24 254 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд. Айни пайтда қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш ишлари давом этмоқда», — дея қайд этган вазирлик.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларининг таъмирланиши ва жиҳозланиши кўзда тутилган. Ҳозирда бўш турган ижара хонадонлари тўғрисидаги манзилли рўйхат барча талабаларга етказилмоқда. Уларга жойлашган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ишлари амалдаги тартиб асосида давом эттирилади.

Бунда талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланади.

Шу тартибда янги ўқув йилида талабаларни таъмирланган ва бўш турган ижара хонадонларига жойлаштириш ишлари ташкил этилади ва кириш имтиҳонлари якунланиши билан, яъни 20 август кунлари талабалар қаерда яшаши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши таъминланади.

Бугунги кунда талабалар турар жойи билан тўлиқ таъминлаш имконияти бўлмаган олий таълим муассасалари масъуллари томонидан янги топилган ижара уйлари (рўйхат бўйича тахминий танлов асосида) ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар (манзили, хонадон эгасининг исм-шарифи, телефони, ижара уйининг нархи кўрсатилган ҳолда) эълон қилинган инфокиосклар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистондаги ОТМларда таълим олаётган 211 минг нафар талабанинг турар жойга эҳтиёжи борлиги, шундан фақат 91 минг талаба ётоқхонага жойлашиши мумкинлиги хабар қилинганди.

«Турар жойга эҳтиёжи бор талабаларнинг 47 фоизи ётоқхоналар билан таъминланган», — деганди ўшанда собиқ олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов.