Тошкент шаҳрида 2022 йил июль ойига нисбатан уй-жойларнинг ўртача нархи 30,9 фоизга ошди, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг июль ойидаги кўчмас мулк бозори бўйича шарҳида.

«Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида вазият барқарор, битимлар ўсишда давом этмоқда. Уй-жой ижараси сегментидаги умумий фаоллик пасайишни секинлаштирди. Эҳтимол, август-сентябрь ойларида мавжуд талаб талабалар тоифаси билан тўлдирилади, бу эса ушбу сегментга қизиқишни оширади», — дейилади шарҳда.

Июль давомида кўчмас мулкни олди-сотди битимлари сони деярли 25 мингни ташкил этди ва бир ой олдингига нисбатан 5,5 фоизга кўп бўлди. Энг катта ўсиш Андижон (19,5 фоиз), Сирдарё (16,8 фоиз) ва Жиззах (16,5 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Ўтган йилнинг июль ойига нисбатан уй-жой савдоси 22,7 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикаси (96 фоиз), Бухоро (48 фоиз) ва Сирдарё (35 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Тошкентдаги уй-жойлар ижараси

Июль ойида Тошкентда квартираларни ижарага бериш нархининг пасайиши сезиларли даражада секинлашди. Июнь ойида ижара бозори 2,4 фоизга пасайган бўлса, июль ойида бу пасайиш 0,7 фоизни ташкил этди ва 1 квадрат метр учун 8,7 доллардан ошмади.

1 квадрат метр учун уй-жой ижарасининг энг юқори нархлари Миробод (11,7 доллар), Яккасарой (10,7 доллар) ва Шайхонтоҳур туманларида (10,5 доллар) кузатилган. Энг паст нархлар Учтепа (7,1 доллар), Сергели (6,4 доллар) ва Бектемир (5,6) туманлари бўлиб турибди.

Тошкентда ўртача ижара нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,7 фоизга ошган бўлса-да, йил бошидан буён ўртача ижара нархи деярли 15 фоизга камайган.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Июль ойида иккиламчи кўчмас мулк бозорида уй-жой нархининг ўсиши давом этди. Квадрат метр учун ўртача нархи июнь ойида 0,8 фоизга ошган бўлса, июлда 1,8 фоизга етди.

Иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 2023 йил бошидан буён 13 фоизга ошди, энг катта ўсиш феврал ойида қайд этилди — 4,5 фоиз. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан нархлар 23,3 фоизга ошган.

Пойтахтнинг иккиламчи бозорида нархлар йил давомида 15,6 фоизга ошди. Феврал ойида иккиламчи уй-жой нархининг ўсиши энг юқори бўлган — 3,8 фоиз, энг паст кўрсаткич июнь ойида қайд этилган — 0,7 фоиз.

Ой давомида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 1,8 фоизга ошди. Нархларнинг энг юқори ўсиши Шайхонтоҳур (3,3 фоиз), Яккасарой (2,9 фоиз) ва Бектемир (2,6 фоиз) туманларида қайд этилди.

2022 йил июль ойига нисбатан Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархи 30,9 фоизга ошди. 2022 йилнинг мос давридан бошлаб уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Наманган шаҳрида (35,3 фоиз), Тошкент вилоятида (32,3 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (30,9 фоиз) кузатилди.

ижара нархлари, иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, уй-жой бозори

Маълумот ўрнида, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор Тошкент кўчмас мулк бозоридаги пуфак оқибатларини юмшатиш учун ажратилаётган ипотека кредитлари миқдорига юқори чегара қўйилганини таъкидлаганди.

Марказий банк 2022 йил учун Молиявий барқарорлик шарҳида бир қатор омиллар натижасида Тошкент шаҳри уй-жой нархларининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ 2022 йил IV чорагида 210 млн сўмга (кузатув даври давомидаги ўзининг энг юқори қийматига) етганини маълум қилганди. 2022 йилда уй-жойларнинг бозор va фундаментал нархлари ўртасидаги фарқ 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ошган.