11 август куни соат 15:00 атрофида Тошкент вилояти Қибрай туманида Spark автомашинаси автоҳалокатга учради, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Тумани ҳудудидан ўтган 4Р6 Тошкент-Чирчик-Чимён автомобиль йўлининг 10-километрида 18 ёшли ҳайдовчи М.З. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмас) бошқарувида онасига тегишли Spark машинасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл четидаги дарахтга урилган.

Воқеага йигитнинг йўлнинг хавфли бурилиш қисмида (огоҳлантирувчи йўл белгилари мавжуд) рул бошқарувини йўқотиши сабаб бўлган.

Оқибатда ҳайдовчи олган тан жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган. Автомобилнинг олд ўриндиғида бўлган яна бир 18 ёшли йўловчи туман марказий шифохонасига ёткизилган.

ЙТҲ юзасидан Қибрай тумани ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.