11 август, жума куни Ўзбекистонга Урал ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво тарқала бошлайди ва ҳарорат фони республика бўйича аста-секин пасаяди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Кундузи мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +33…+36 даража атрофида бўлади, ҳатто жанубий ҳудудларда ҳам +38…+40 даражадан юқори бўлмайди.

Дам олиш кунлари ҳароратнинг аста-секин пасайиши давом этади. Якшанба куни кундузги ҳарорат +30…+32 даражадан, жанубда +35 даражадан ошмайди.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

12−13 август кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги чанг-тўзон билан 13−18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республиканинг айрим ҳудудларида шамол тезлигининг кучайиши баъзида 20−22 м/с га етиши мумкин.

Кейинги ҳафтанинг ўртасида кундузги ҳаво ҳарорати +27…+30 даражагача тушади. Айниқса, кечаси ва эрталаб ҳавонинг салқинлашиши сезиларли бўлади, бунда ҳарорат +13…+16 даражагача пасаяди.

Пойтахтда 11−13 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ҳарорат кундузи +34…+36 даража, шанба куни +32…+34 даража, якшанба куни +30…+32 даража бўлади. Шарқий йўналишдаги шамол тезлиги бироздан ўртачагача эсади, кечалари 10−12 м/с гача кучайиши мумкин.