Ўзбекистон ҳудудларида инфляцияни жиловлаш учун ҳокимлар шахсан жавобгар бўлади, деди президент Шавкат Мирзиёев жума куни Бухорода бўлиб ўтган йиғилишда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Ҳокимларни қатъий огоҳлантираман. Нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак», — деди президент.

«Бу ишлар фақат ва фақат такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали таъминланиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Июль ойида йиллик инфляция даражаси 8,9 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотларида эса 10,7 фоизни ташкил қилди. Бу борада картошка, пиёз, ун ва ёғ маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан арзонлашгани муҳим омил бўлди», — деди президент.

«Лекин такрорий экин экиш ишлари тўғри ташкил этилмагани боис айрим ҳудудларда сабзи нархи 52 фоизгача ошган; помидор 2 баробар қимматлаган; бодринг нархи 1,7 баробаргача ўсган», — деди давлатимиз раҳбари.

Республика бўйича бор-йўғи 44 минг гектарга картошка такрорий экин сифатида экилган, — дея қўшимча қилди у.