Хитойнинг Alibaba корпорацияси Наманган вилоятида минтақавий марказини очади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

9 август куни ҳоким Шавкатжон Абдураззоқов Alibaba корпорацияси вице-президенти Крис Чжоу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

«Наманганда малакали кадрлар, замонавий кўникмаларга эга мутахассислар мавжуд. IT Park эса ушбу лойиҳани амалга ошириш учун қулай жой ҳисобланади», — деди Абдураззоқов.

Alibaba корпорацияси вице-президенти Крис Чжоу эса Наманганнинг текстиль, саноат, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш учун минтақавий марказ бўлишига ишонч билдирди.

Учрашув сўнгида иккала томон минтақавий марказ фаолияти йўлга қўйиладиган IT Park Namangan филиалидаги бино-иншоотлар билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Alibaba.com платформасида Ўзбекистон миллий павильони ишга туширилган. Spot`нинг ёзишича, натижада Ўзбекистон Россия ва Қозоғистондан кейин электрон тижорат сайтида миллий бўлимга эга бўлган учинчи МДҲ давлати бўлди. Айни пайтда павильонда 50 дан ортиқ маҳаллий компания 4800 дан ортиқ товарни таклиф этмоқда. Ушбу бўлимда кўрсатилган маҳсулотлар 190 дан ортиқ мамлакатларда намойиш этилади.