Ўзбекистоннинг энг йирик интернет нашрларидан бири ҳисобланмиш «Газета.uz» 11 август куни фаолиятининг 15 йиллигини нишонламоқда.

Сайтга 2008 йилнинг айни шу куни Afisha Media раҳбари Сурен Сапов ҳамда таҳририят бош муҳаррири Азамат Атаджанов томонидан асос солинган.

Нашр шиори сифатида «Янгиликларимиз халқ учун» жумласи танланган ва у ҳозирги кунга қадар сайт фаолиятининг асл моҳиятини акс эттириб келмоқда. Ушбу ғоя расмий маълумот манбалари деярли ягона бўлган вақтларда пайдо бўлган. Ундаги ахборотлар эса бир чекланган, бир томонлама ва уларни тушуниш жуда мушкул эди.

Қизиқ ва турфа хил мавзулар, содда ва тушунарли талқин, материалларни чуқур ўрганиш ва эксклюзив контент тез фурсатларда одамлар эътиборига тушди. «Газета.uz» ортидан кўплаб интернет-сайтлари очилди ва Ўзнет макони янада ранг-баранг бўлди.

Орадан вақтлар ўтиб, нашр янгиликлардан ташқари колонкалар, интервьюлар, таҳлилий материаллар тайёрлай бошлади. Ижтимоий тармоқлар ва видео олами ривожланиши билан сайт ушбу ҳудудни ҳам ўзлаштирди, ҳозирги кунда барча йирик онлайн-майдонларда каттадан-катта аудиторияларга эга.

Бугунги кунда «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятларида ўнлаб ходимлар, шу қаторда нафақат Ўзбекистон ҳудудида, балки хорижда яшаётган мустақил муаллифлар фаолият олиб бормоқда.

«Газета.uz»нинг бир ой давомидаги аудиторияси, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни ҳисобга олмаганда, 1,7 миллион атрофидаги уникаль фойдаланувчиларни ташкил этади, сайтнинг ўзида кўришлар сони — бир ойда 15 миллиондан кўпроқ.

«Газета.uz»ни ҳам мактаб ўқувчилари, ҳам турли соҳалар вакиллари, ҳам мамлакат раҳбарияти ўқишади ва бу таҳририят зиммасига алоҳида масъулият юклайди.

«Биз «Газета.uz»да турли вақтларда ишлаган ва ҳозирда фаолият юритиб келаётган ходимлар, шу жумладан, нашрни қизиқарли ва талабгир бўлишида муҳим роль ўйнаётган барча муаллифлардан миннатдормиз. Шунингдек, биз ўқувчиларимизга ташаккур айтамиз, уларсиз бизнинг ишимизнинг маъно-мазмуни бўлмас эди», — деди Азамат Атаджанов.

Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!