Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 8,3 кг опий гиёҳвандлик моддасини мусодара қилди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Ургут туманида яшовчи, 1978 ва 1986 йилларда туғилган опа-сингил 911 грамм опий моддасини 12 минг долларга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, улар моддани мазкур туманда истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган 2 нафар шахсдан олганликлари аниқланиб, улар ҳам қўлга олинган.

Шунингдек, бу икки шахснинг яшаш хонадонларида ўтказилган тинтув тергов ҳаракати вақтида улардан бирининг уйидан 228 грамм ва иккинчисининг уйидан 7 кг 187 грамм опий моддаси холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давомида олинган жами 8 кг 326 грамм опий моддаси Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келингани аниқланган.

Ҳозирда мазкур 4 нафар фуқарога нисбатан ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 28-модда (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 246-моддаси (Контрабанда) 2-қисми ва 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.