Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Мулоқотда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фаол гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

«Икки мамлакат етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқиб, яқин муддатларда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини, Ўзбекистон-Россия ҳудудлар, таълим ва медиа форумларини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мулоқот давомида минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.