Қозоғистоннинг Magnum Cash & Carry компанияси Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари тармоғига эгалик қилувчи Majid Al Futtaim Uzbekistan акцияларининг 100 фоизини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда Spot нашри тармоқ матбуот хизматига таяниб хабар бермоқда.

Шартнома шартларига мувофиқ, Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари қисқа муддатга ёпилади ва Magnum бренди остида қайта очилади.

«Magnum битим ёпилгач ва барча меъёрий талаблар бажарилгандан кейин Majid Ал Футтаим фаолияти устидан тўлиқ назоратни қўлга киритади», — дейилади хабарда.

Магнум 2007 йилда ташкил этилган. Ҳозирда кўп форматли озиқ-овқат чакана савдо тармоғининг Қозоғистонда 234 та ва Ўзбекистонда 2 та дўкони бор.

«Magnum Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар киритишда давом этишни, савдо майдончаларини фаол ривожлантиришни, янги иш ўринларини яратишни, Ўзбекистонда хизмат кўрсатишни яхшилашни ва ўз ишлаб чиқаришини ривожлантиришни режалаштирмоқда», — дея қайд этди компания.

Ташкилотнинг Қозоғистонда 13 мингдан ортиқ ва Ўзбекистонда эса 350 нафар ходими бор. Энди Magnum жамоасига Ўзбекистондаги Carrefour дўконлари ходимлари ҳам қўшилади.

«Majid Al Futtaim Uzbekistan ва Magnum Cash & Carry ишчилар, етказиб берувчилар, барча манфаатдор томонлар учун муаммосиз ўтишни таъминлаш ва мавжуд мижозлар учун ноқулайликларни минималлаштириш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида», — дейилади хабарда.

Битим тугагандан сўнг, дўконлар ассортимент ва реклама таклифларини янгилаш учун қисқа муддатга ёпилади.

2019 йил октябрь ойида Majid Al Futtaim билан Тошкентда етти супер ва гипермаркетни очиш тўғрисида битим имзолади, уларни Akfa эгалик қиладиган объектларга жойлаштириш режалаштирилганди.

Carrefour тармоғи Ўзбекистонга 2020 йилда кириб келган, биринчи супермаркет Тошкентдаги Қоратош кўчасидаги бинода очилган. Кейин Compass, Atlas ва Samarqand Darvoza савдо марказларида супермаркетлар очилганди.